Евразийский
научный
журнал

Шахс жинсий идентификацияси психологик феномен сифатида

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Ҳайдарова Ҳ. Р.
Рубрика: Социологические науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №6 2018»  (июнь, 2018)
Количество просмотров статьи: 1315
Показать PDF версию Шахс жинсий идентификацияси психологик феномен сифатида

Ҳайдарова Ҳ.Р.
АндМИ,
“Муҳандислик педагогикаси ва психологияси” кафедраси
мудири, п.ф.н.

Аннотация: Мақолада улғаяётган шахс жинсий идентификациясини феноменологик ёндошув орқали тушуниш асос қилиб олинади. Жинсий идентифкация шаклланишидаги бирламчи ва иккиламчи жинсий социализация даврлари белгилаб ўтилади ва айниқса иккиламчи давр (17-25 ёшлар даври)даги шахс ички дунёсида бўлиб ўтадиган ўзгаришлар, хусусан, десоциализация жараёнларига эътибор қаратилади. Мақолада, шунингдек, ўзбек миллий менталитети ва этномуҳитига хос хусусиятлар ҳам шахс жинсий идентификацияси нуқтаи назаридан таҳлил этилади.

Калит сўзлар: жинсий идентификация, жинсий установка, десоциализация, феномен, муҳит, шахс, миллий менталитет, худудий ва миллий психология, оила, ота-она, ўзаро муносабатлар

В статье осуществлена попытка объяснения половой идентификации формирующейся личности с точки зрения феноменологического подхода. Указаны первичные и вторичный период половой социализации личности и особенности полового самосознания. Такой анализ позволяет более глубже понять природы половой десоциализации формирующейся личности и феномен построения социальной конструкции в самосознании личности. Анализируется также влияние узбекской этнической среды и особенностей семейных взаимоотношений на формирование полоролевого поведения личности.

Ключевые слова: половая идентификация, половая установка, десоциализация, феномен, личность, национальный менталитет, региональный и национальный психология, семья, родители, взаимоотношение.

Инсон, улгайиши давомида, ташқи оламни ўрганиши билан бирга ўз-ўзини англаши ҳам муқаррар жараён бўлиб, бу орқали шахс ўзини борлиқ билан мувофиқлаштиради ва ички дунёсини ижтимоий талаблар билан уйғунлаштириб боради. Бундай уйғунлашув шахс шаклланишининг асосий шарти бўлиб, ушбу жараён шахснинг ўзлигини англашининг, яъни идентификациянинг турли жиҳатларини ўз ичига олади. Бундай жиҳатлар ичида энг аҳамиятлиларидан бири — жинсий идентификациядир. Дархақиқат, инсоннинг жинси унинг ўзгалар тасаввуридаги ягона ўзгармас хусусиятларидан биридир. Биз ўзганинг кўз ва соч рангини унутишимиз мумкин, унинг қиёфасидаги кўпгина белгиларни хотирамизда тиклай олмаслигимиз мумкин. Лекин унинг жинсини ҳеч қачон унутмаймиз. Агар инсоннинг турли хусусиятларини алоҳида талқин этсак, унинг жинсий таснифи энг аҳамиятли жиҳат эканлиги аён бўлади.

Жинсий рол — бу у ёки бу жинсга мансубликни англатувчи талаблар тизими бўлиб, индивиднинг бу талабларга мос келиш даражасига қараб у эркак ёки аёл сифатида қанчалик шаклланганлигига баҳо берилади. Жинсий мослик бу — инсоннинг ўзини у ёки бу жинсга мансуб, деб қараши ва бу жинсга оид хатти-ҳаракатларни амалга ошириши жараёнларининг бирлигидир. Жинсий рол ва жинсий ўзликни англаш ўзаро боғлиқ иборалар бўлиб, хатто ўзаро уйғунлашувчи холатлар ҳамдир. Жинсий рол шаклланишидаги асосий омиллардан бири — жамиятдаги мавжуд гендер стереотипларидир. Гендер стереотиплари деганда жамият фуқаролари онгидаги эркак ва аёлларга хос тасаввурлар тизими тушунилади.

Жинсий идентификация асосида шаклланган ижтимоий установкалар ётади ва бу установкалар инсоннинг нафақат ташқи муҳит билан балки ўз-ўзига бўлган муносабатини ҳам белгилайди. Шу маънода миллий муҳит хусусиятлари ҳар қандай жинсий установкалар шаклланишидаги асосий омиллардан бири бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон худуди ва маҳаллий халқ миллий хусусиятлари таҳлилига мурожаат этарканмиз, жинсий установкалар шаклланишидаги ўзбек миллати вакилларига хос этнопсихологик жиҳатлар ўзига эътиборни тортади.

Аммо, ушбу холат ўзбек оилавий муҳити мисолида таҳлил этилар экан, айрим этнопсихологик хусусиятларни назардан четда қолдириш мумкин эмас. Хусусан, кўпгина ўзбек оилаларига хос бўлган қариндош-уруғчилик муносабатларининг зичлиги, болани ўзига хос тарзда ардоқлаш ва эркалаш кўпгина ўғил болаларда илиқлик ва ҳиссиётга мойилликнинг шаклланишига асос яратади. Бундан ташқари, боланинг илк ёшлик давриданок ўз тенгқурлари доирасида кўп вақтини ўтказиши ҳам ундаги жинсий ўзлигини англаш жараёнини тезлаштиради ва ўз жинсий гуруҳига хос бўлган стереотипларни ўзлаштириш ҳамда установкалар шаклланишига олиб келади.

Ўзбек этномуҳитида тарбия хусусиятлари ҳам жинсий идентификация шаклланишида ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Болага унинг жинсига мувофиқ тарзда муносабатда бўлиш, тарбия жараёнида гендер жиҳатларга катта эътибор қаратиш миллатимиз менталитетига хос бўлган ва Республикамизнинг деярли барча худуд вакилларида учраб турадиган ҳодисадир. Тарбия жараёнида ота-онанинг жинсий роллар тафовутларига хатто етарли даржада англамаган равишда риоя қилишлари ва бу ролларга тааллуқли муносабатларни кўришлари, улғаяётган шахсда ўзига хос жинсий установкаларнинг шаклланишига шароит яратади.

Ота-она амал қилиб яшайдиган жинсий роллардан келиб чиқувчи муносабатлар аста-секин бола томонидан интериоризациялашади ва унинг ички фаолияти режасига айланиб боради. Ҳар қандай шаклланган установка эса, ўз навбатида, қотиб қолган ва статик холат бўлмай, балки ривожланиб борувчи динамик жараёндир. Бу дегани, вазият тақозоси билан, у ёки бу даражада шаклланган установка актуал эҳтиёж ва мавжуд вазиятга биноан ўз ички структурасини янада мукаммаллаштириш ва керак бўлса, қайта қурилиши имкониятига ҳам эга. Установкалар ўзининг амал қилиши давомида шахснинг янада юксакроқ мотивацион-эхтиёж қатламлари билан ҳамоҳангликда фаолият олиб боради. Албатта бундай таъриф жинсий установкалар доирасида ҳам амал қилади.

Шахснинг жинсий идентификацясини феномен сифатида тушуниш унинг ўзгариб борувчан ҳаётга мослашуви механизмларини янада тўлароқ англаш имконини беради. Айникса, бундай билимлар, ўз ҳаётида қийин аҳволга тушиб қолиб, психологик кўмакка муҳтож бўлган шахснинг истиқболдаги режаларини ва такдирида ўзгаришларни асослаш учун жуда фойдали бўлиши мумкин. Ҳаётда кўп холатлар учрайдики, инсоннинг ички дискомфорт холати ўзининг хатти-ҳаракат сабаблари ва майлларини тўла англай олмаслик сабабларидан иборатдир. Инсон иккиламчи жинсий идентификация даврини (17-25 ёшлар) кечириш пайтида ушбу жараёнлар янада кескинлашиши ва натижада қайта қурилиши — десоциализация поғонасига ўтиши мумкин. Лекин, ҳар қандай қайта қуриш жараёни қийинчиликлардан холи бўлмаганидек, жинсий идентификация соҳаси ҳам инсонга маълум ноқулайликлар ва ички зиддиятларни келтириб чиқариши табиий. Бундай пайтда инсонга ёрдам беришнинг асосий услубларидан бири- унинг ички дунёсида нима бўлаётганини, феноменологик қайта қурилиш жараёнини тушуниши ва шахс томонидан англаниши билан эришилади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Фельдштейн Д.И. Психология развития личности в онтогенезе. М., Педагогика, 1989. 208 с
  2. Алешина А.Ю. Проблемы усвоения ролей мужчины и женщины // Вопросы психологии. — 1991, № 4, с. 74-82
  3. Каримова В.М. Ўзбек ёшларида оила тўғрисидаги ижтимоий тасаввурлар шаклланиши. Психология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. Т.: 1994. 215-223 б
  4. Ғозиев Э, Холмуҳамедов М, Иброҳимов Х. Психология методологияси // Психология мутахассислиги учун ўқув қўлланма. — Т.: 2002 — 172 б.
  5. Каримова В.М. Оилавий ҳаёт психологияси // Ўқув қўлланма. — Т., 2006 — 142б.