Срочная публикация научной статьи
+7 995 770 98 40
+7 995 202 54 42
info@journalpro.ru
Қурбонова Фарида Маҳмудовна
Ангор тумани 29-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси,
Аралова Дилшот Ялгашевна
Музработ тумани 7-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси,
Бабашева Анзират Мингбоевна
Шурчи тумани 30-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси,
Хўжанова Рузихол Эшбоевна
Қизириқ тумани 60-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси
Сўзнинг морфемик таркиби устида ишлаш билан ўқувчилар сўзининг лексик маъносини аниқлашнинг асосий усулларини билиб оладилар. Бунда ўқитувчининг вазифаси болалар сўзларнинг лексик маъноси ва морфемик таркиби бир-бирига боғлиқлигини билиб олиши учун энг қулай шароит яратиш, шу асосда уларнинг луғатига аниқлик киритишга мақсадга мувофиқ раҳбарлик қилиш ҳисобланади.
Сўзда морфеманинг ролини англаш, шунингдек қўшимчаларнинг семантик маъносини билиш ўқувчиларда нутқнинг аниқ шаклланишига таъсир этади. Ўқитувчининг вазифаси ўқувчилар сўзнинг лексик маъносини тушунибгина қолмай, матнда аниқ аффиксли сўзлардан онгли фойдаланишларини ошириш ҳисобланади.
Сўзнинг морфемик таркибини ўрганиш орфографик малакаларни шакллантиришда ҳам катта аҳамиятга эгa. Морфологик тамойил ўзбек орфографиясининг етакчи тамойили бўлиб, бунга биноан сўзлар ва уларнинг таркибий қисми, (ўзак ва қўшимчалар) аслига мувофиқ ёзилади. Ўзак ва қўшимчаларни тўғри ёзиш малакасини назарий асосда шакллантириш фонетик, сўз ясалишига оид, грамматик билимларни мақсадга мувофиқ татбиқ этишни талаб қилади. Шунинг учун сўзнинг морфемик таркибини ўрганишнинг муҳим вазифаларидан бири ўзак ва қўшимчаларни тўғри ёзиш малакасини шакллантириш учун зарур бўлган билим ва кўникмалар асосини яратиш ҳисобланади.
Сўзнинг морфемик таркибини ўрганиш ўқувчиларнинг ақлий қобилиятини ўстиришда, хусусан, тил бирлиги сифатида сўзни онгли билиб олиш учун зарур бўлган махсус ақлий кўмикмаларни шакллантиришда ҳам аҳамиятли. Ўқитувчининг вазифаси таълим жараёнида билимни ўзлаштириш билан ўқувчиларда ақлий фаолиятни ўстирадиган мавҳумлаштириш, анализ, таққослаш кўникмаларини шакллантирадиган шароит яратиш ҳисобланади. Бошланғич синфлар она тили дастурига мувофиқ, сўзнинг морфемик таркиби 2- синфда ўрганилади. 3- синфда сўз туркумларини ўрганиш билан боғлиқ ҳолда сўзнинг таркиби ҳақидаги билимларни такомиллаштириш кўзда тутилади. Аввало, тил материалини ўрганиш системаси нималигини аниқлаб оламиз. Тил материалини ўрганиш системаси деганда, илмий асосланган изчилликдаги ва ўзapo боғланишдаги билимлар комплексини ўзлаштиришни таъминлайдиган мақсадга қаратилган жараён, шунингдек, шу асосда амалий кўникмаларни шакллантириш кўзда тутилади.
Мавзуни ўрганишда 4 босқич амалга оширилади:
Ўзакни ўрганишнинг хусусиятлари. «Ўзак» тушунчасини шакллантиришда ўқувчилар ўзак ўзакдош сўзларнинг умумий қисми экани ва у барча бир хил ўзакли сўзларнинг маъносидаги умумийликни ўз ичига олиши билан таништирилади. Сўз ясовчи қўшимчанинг функцияси устида ишлаш. Бу морфемани ўрганишнинг асосий вазифаси ўқувчиларни сўзда сўз ясовчи қўшимчанинг роли билан таништириш ва шу асосда сўз ясовчи қўшимчали сўздан ўз нутқида онгли фойдаланиш кўникмасини ўстириш ҳисобланади.
Ўқувчилар сўз ясовчи қўшимча ёрдамида янги лексик маъно тушуниши муҳим аҳамиятга эга. Форма ясовчи қўшимчаларни ўрганиш хусусиятлари. Ҳар бир морфеманинг лингвистик моҳиятида ўзига хослик бўлиб уни ўрганиш методикаси ҳам ўзига хос хусусиятларга эга. Форма ясовчи қўшимчада грамматик функция етакчи ҳисобланади, бу билан у сўз ясовчи қўшимчадан фарқланади.
Сўз туркумларини ўрганиш жараёнида ўқитувчи ўқувчиларга сўз ясалиши асосларини, сўз ясовчи қўшимча ёрдамида бир сўз туркумидан бошқасини ёки шу сўз туркумининг ўзини ясаш мумкинлигини тушунтиради. Масалан, от кўпроқ бошқа бир отдан (балиқчи, ишчи; синфдош, сирдош; боғбон, ошпаз, китобхон шунингдек феълдан (элак, курак, ютуқ); сифат кўпроқ отдан (сувли, сувсиз, ўтли, ўтсиз) шунингдек феълдан (мақтанчоқ ўткир, сезгир) феъллар отдан (ишла, гулла, гапир) сифатдан (оқла, яхшила, эскир, қорай) ясалади. Ўқувчиларни сўз ясалиши хусусиятларини тушунишга тайёрлаш учун ўқитувчи уларга муайян бир янги сўз қайси сўздан ва қайси форма ёрдамида ясалганини аниқлашга қаратилган топшириқ беради. Масалан, ўқитувчи чегара отини айтади ва чегарани қўриқлайдиган кишини билдирадиган ўзакдош от танлашни топширади. (чегарачи). Вазифани бошқачароқ бериш ҳам мумкин: ўқитувчи сўзни ва сўз ясовчи морфемани беради. Ўқувчининг вазифаси янги сўзни тўғри ясаш ва лексик маъносини тушунтириш ҳисобланади. Масалан, балиқ сўзидан -чи қўшимчаси ёрдамида янги сўз ясаш, (балиқчи), унинг лексик маъносини тушунтириш қайси сўз туркуми эканини айтиш топширилади. Иккала топшириқда ҳам ўқувчилар сўзни морфемик таҳлил қиладилар. Бунда ўқитувчи ўқувчилар эътиборини ҳосил бўлган сўз қайси морфема ёрдамида, қайси сўз туркумидан ясалганига, қандай машқларда тилда мавжуд бўлган сўзларнинг лексик маъноси билан морфемик таркибининг ўзаро боғлиқлигига ва бирор сўз туркумига характерли бўлган сўз ясалиш усулига асосланади.
Фойдаланилган адабиётлар: