Евразийский
научный
журнал

БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИДА ГРАММАТИКАГА ОИД ТУШУНЧАЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Мирзалимова Муқаддас Исмоиловна
Рубрика: Педагогические науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №1 2020»  (январь, 2020)
Количество просмотров статьи: 438
Показать PDF версию БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИДА ГРАММАТИКАГА ОИД ТУШУНЧАЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Мирзалимова Муқаддас Исмоиловна
Чортоғ туман №13 умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси
Наманган, Ўзбекистон

Маълумки, грамматик тушунчаларда ҳам, бошқа тушунчалар каби, ҳодисаларнинг муҳим белгилари умумлаштирилган ҳолда акс эттирилади. Тил ҳодисаларининг ўзига хос хусусияти, яъни тушунчанинг мазмун томони грамматик тушунчанинг ўзига хос хусусиятини келтириб чиқаради. Грамматик тушунчанинг бу хусусиятлари туфайли ўқувчиларда улар ҳақидаги тушунча жуда кўп қийинчилик билан шаклланади. Грамматик тушунчани билиб олиш учун мавҳум тафаккур маълум даража­да ривожланган бўлиши лозим.

Грамматик тушунчаларда тил ҳодисаларининг муҳим белгила­ри умумлаштирилади. Тушунчани ўзлаштириш устида ишлаш жараёнида ўрганиладиган тушунчанинг муҳим белгиларини ажратиш мақсадида муайян тил материали анализ қилинади. Маса­лан, сўз ўзгартувчи қўшимча учун икки муҳим белги характерли:

1) сўз ўзгартувчи қўшимча — сўзнинг ўзгарадиган қисми;

2) сўз ўзгартувчи қўшимча синтактик вазифани бажаради, яъни гапда сўзларни боғлаш учун хизмат қилади. Тушунчани ўзлаштиришга оид ишларда ўқитувчи муайян бир тушунчанинг муҳим белгиларини аниқлаб олади, дастур талабига кўра шу синф ўқувчиларини тушунчанинг қандай белгилари билан таништиришни, фойдаланганда яхши натижа берадиган лексик материалларни методик усул ва воситаларни белгилаб олади.

Шундай қилиб, тилга оид тушунчаларни шакллантириш жараёни шартли равишда тўрт босқичга бўлинади:

Биринчи босқич — тушунчанинг муҳим белгиларини ажратиш мақсадида тил материалини таҳлил қилиш. Бу босқичда маълум сўз ва гапларнинг лексик маъносидан келиб чиқиб мавҳумлаштириш амалга оширилади ва шу тил ходисаси, тил категорияси учун умумий ҳисоблангани ажратилади. Ўқувчилар таҳлил қилиш ва мавҳумлаштириш ақлий амалини билиб оладилар.

Иккинчи босқич — тушунчанинг белгиларини умумлаштириш улар орасидаги боғланишни аниқлаш (тушунчаларнинг ички боғланишини аниқлаш), атамани бериш.Ўқувчилар таққослаш ва таркиб амалини билиб оладилар.

Учинчи босқич — тушунча таърифини ифодалашни тушуниш, белгилар моҳиятини ва улар орасидаги боғланишни аниқлаш.

Тўртинчи босқич — янги тил материали асосида ўрганилаётган тушунчани аниқлаштириш. Билим тажрибага татбиқ этиладиган машқлар ишлаш. Ўрганилаётган тушунчанинг илгари ўзлаштирилган тушунчалар билан боғланишини аниқлаш.

Кўрсатилган босқичларни «феъл» грамматик тушунчасини шакллантириш жараёни мисолида кўриб чиқайлик.

Тушунча устида ишлаш тил материалини таҳлил қилиш ва тушунчанинг муҳим белгиларини аниқлашдан бошланади. Кўпгина текширишлар, агар ўқувчилар ўқитувчи раҳбарлигида муайян вазифани бажариш билан дастлабки тил материалини ўзлари тузсалар ёки танласалар, уларнинг аналитик фаолиятнинг самарадорлиги ортишини кўрсатди. Масалан, ўқувчилар ҳаракатларини кузатиш асосида гап тузадилар. Дарсда ўқувчиларни феълдан фойдаланиш ва эътибор билан ёзишга ундайдиган қулай нутқий вазият яратилади. Экскурсия, яқинда кўрилган фильм, шу дарсда кўрсатилган диафильмнинг бирор қисми, ўқилган ҳикоя, расм материали юзасидан гаплар тузиш ҳам мумкин. Гап тузишда фикрни аниқ ифодалайдиган керакли сўз (феъл)ни жамоа бўлиб топиш имконини берадиган вазият яратиш муҳимдир. Масалан, мавзуни ўрганишдан олдин ўқувчилар баҳорда табиатда юз берадиган ўзгаришларни кузатадилар.

Ўқитувчи: — Баҳорда табиатда қандай ўзгаришлар юз беради?

Ўқувчилар: — Кунлар исийди. — Ўтлар кўкаради.

— Дарахтлар куртак чиқаради. — Бодом гуллайди.

— Шафтоли, ўриклар гуллайди. — Олма энди гуллайди.

(Ўқувчилар ўқитувчи тавсия қилган бир неча гапни изоҳлаб ёзадилар.)

Ўқитувчи: Нарсанинг ҳаракатини ифодалаш учун сиз қайси сўзлардан фойдаландингиз? Уларнинг тагига икки тўғри чизиқ чизинг. (Ўқувчилар вазифани бажарадилар).

— Ҳаракатни билдирган сўзларга сўроқ беринг ва таққосланг. (Ўқучилар нима қилди? нима қиляпти? нима қилади? сўроқларини берадилар.)

— Энди дарсликда феъл ҳақида нима дейилганини ўқинг.

— Шахс ва нарсанинг ҳаракатини билдирган сўзлар нима дейилади, қандай сўроқларга жавоб бўлади?

— Бодом гуллади. Олма энди гуллайди гапларини гап бўлакларига кўра таҳлил қилинг (Ўқувчилар эганинг тагига бир, кесимнинг тагига икки тўғри чизиқ, иккинчи даражали бўлак тагига тўлқинли чизиқ чизадилар.)

— Гуллади, гуллайди феъллари гапда қайси бўлак вазифасида келди. (Кесим.)

— Энди феъл ҳақида нималарни билиб олдингиз? Режадан фойдаланиб айтинг (умумлаштиринг):

1. Феъл нима? (Сўз туркуми.) 2. Нимани билдиради? (Шахс ва нарсанинг ҳаракатини.) 3. Қандай сўроқларга жавоб бўлади? (Нима қилди? нима қиляпти? Нима қилади?) 4. Қайси гап бўлаги вазифасида келади? (Кесим.)

— Китобдаги қоидада режанинг қайси пунктларига жавоб берилган? Режа пунктини ўқинг ва унга жавоб беринг.

Ўқувчилар китобдаги ва қўшимча машқларни ишлайдилар.

— Феълдан бошқа яна қандай сўз туркумларини биласиз? (От, сифат, сон.)

— Сўзларни таққосланг: гул, гулли, гуллади. Сўз туркумлари (от, сифат, феъл) бир-биридан қандай фарқланади? (Режадан фойдаланиб жавоб берадилар.)