Евразийский
научный
журнал
Заявка на публикацию

Срочная публикация научной статьи

+7 995 770 98 40
+7 995 202 54 42
info@journalpro.ru

БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚИТУВЧИЛАРИНИНГ КАСБИЙ ВАЗИФАЛАРИ

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Тўйчиева Рухсора Адхамжоновна
Рубрика: Педагогические науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №1 2020»  (январь, 2020)
Количество просмотров статьи: 1392
Показать PDF версию БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚИТУВЧИЛАРИНИНГ КАСБИЙ ВАЗИФАЛАРИ

Тўйчиева Рухсора Адхамжоновна
Норин туман №30 умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси
Наманган, Ўзбекистон

Ҳозирги шароитда жамиятнинг мактаб олдига қўяётган талаблари кун сайин ортиб бормоқда ва бу талабларни амалда тўғри ҳал қилиш вазифаси ўқитувчига боғлиқдир.

Замонавий мактаб ўқитувчиси қатор вазифаларни бажаради. Ўқитувчи — синфдаги ўқув жараёни ташкилотчисидир. Ўқитувчи ўқувчилар учун дарс пайтида, қўшимча дарсларда ва шу билан бирга дарсдан ташқари ҳолларда ҳам керакли маслаҳатлар беришда билимлар манбаидан биридир. Кўпчилик ўқитувчилар синф раҳбари вазифасини бажариб, тарбия жараёни ташкилотчилари бўлиб ҳисобланадилар.

Замонавий ўқитувчи ижтимоий психолог бўлмаслиги мумкин эмас, чунки ўқувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни йўлга сола олиши, болалар жамоасида ижтимоий-психологик механизмлардан фойдаланишни билиши зарурдир.

Ўқитувчи мактабнинг педагог жамоа аъзоси сифатида мактаб ҳаёти фаолиятини уюштиришда бевосита иштирок этиб, турли фан ўқитувчилари ва синф раҳбарларининг методик бирлашмаларида қатнашади, топшириқларни бажаради. Ҳар бир ўқитувчи ўқувчиларнинг ота-оналари ва жамоатчилик олдида маърузалар ўқиб, суҳбатлар олиб борар экан, демак, у педагогик билимлар тағриботчиси ҳамдир.

Маълумки, педагогик фаолият — киши меҳнатининг энг мураккаб соҳаларидан биридир.

Жамият томонидан қўйиладиган талаблардан энг муҳими ўқитувчининг шахси ва унинг касби билан боғлиқ хислатларига қаратилган.

Ўқитувчининг энг муҳим ҳислатлари қуйидагилардан иборат:

-ўқитувчининг ўз Ватанига содиқлиги, болаларни севиш, уларни инсонпарварлик руҳида тарбиялаш истаги, ўз юрти, она тили, ўз халқининг тарихи ва унинг маданиятини севиши, давлатининг мустақиллиги ғоясида яшашидан иборатдир;

-ижтимоий жавобгарликни юксак даражада ҳис этиши;

-олийжаноблиги, ақли, фаросати, маънавий поклиги маънавият ва маърифат бўйича юксак мақсадларни болаларга сингдириб бориши;

-ўзини қўлга ола билиши, сабр-тоқатли, бардам, матонатлилигидир.

Жамиятнинг ўқитувчи олдига қўядиган асосий талаблари қуйидагилардир:

-шахсни маънавий ва маърифий тарбиялашнинг, миллий мафкуранинг ҳамда умуминсоний бойликларнинг моҳиятини билиши, болаларни мустақиллик, ғояларига содиқлик руҳида тарбиялаши, ўз Ватани табиатга ва оиласига бўлган муҳаббати;

-кенг билимга эга бўлиши, турли билимлардан хабардор бўлиши;

-ёш ва педагогик психология, ижтимоий психология ва педагогика, ёш физиологияси ҳамда мактаб гигиенасидан чуқур билимларга эга бўлиши;

-ўзи дарс берадиган фан бўйича мустаҳкам билимга эга бўлиб, ўз касби, соҳаси бўйича жаҳон фанида эришилган янги ютуқ ва камчиликлардан хабардор бўлиши;

-таълим ва тарбия методикасини эгаллаши;

-ўз ишига ижодий ёндашиши;

-болаларни билиши, уларнинг ички дунёсини тушуна олиши;

-педагогик техника (мантиқ, нутқ, таълимининг ифодали воситалари) ва педагогик тактга эга бўлиши;

-ўз билими ва педагогик маҳоратини доимий равишда ошириб бориши.

Ҳар бир ўқитувчи ана шу талабларга тўла жавоб бера оладиган бўлишига интилиши шарт.

Ўқитувчи жамият томонидан қуйилган талаблар билан бир қаторда ўз фаолиятида теварак-атрофидаги кишилар мактаб маъмурияти, ҳамкасблари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ундан нималарни кутишини ҳам эсдан чиқармаслиги лозим.

Ўқитувчининг ўз ишидан нималарни кутаётганлигининг ўзиёқ муҳим аҳамиятга эгадир, мана шу тариқа кутишлар, гарчан жамият томонидан ўқитувчига қуйладиган талабларга мос келсада, ўзига хос хусусиятларга эга бўлади. Лекин бу талаблар ҳамма вақт ҳам бир-бирига мос келмаслиги мумкин. Психологлар томонидан олиб борилган тадқиқотларнинг кўрсатишича халқ таълими бўлимлари ва мактаб директорлари ўқитувчининг айрим хислатлари нақадар муҳимлигини ҳар хил баҳолайдилар. Жумладан, халқ таълими бўлимларининг мудирлари ўқитувчидан биринчи навбатда ўз фанини яхши билишини ва дарс бериш методикасини мукаммал ўзлаштиришни талаб қилсалар, мактаб директорлари ўқитувчига қўйиладиган бундай талабаларни учинчи ўринга қўядилар. Шу билан бирга халқ таълими бўлимларининг мудирлари ўқитувчиларнинг ўқувчилар ва ота-оналар, мактаб жамоаси билан қандай мулоқотда бўлишни билишини нақадар аҳамиятга эга эканлигига унчалик эътибор бермайдилар, мактаб директори эса бундай хислатларни ўқитувчи шахсига қуйиладиган талаблар ичида биринчи ўринга қуядилар.

Ота-оналар ўқитувчидан унинг иш стажи ва ёши қандай бўлишидан қатъий назар, фарзандларини тарбиялаш ва ўқитиш маҳоратини кутадилар. Ўқувчилар эса ўқитувчиларни уч хил хислатлари бўйича характерлаб берадилар. Жумладан, биринчидан ўқитувчининг одамгарчилиги, адолатлилиги, соф виждонлилиги, болаларни яхши кўриш хислатлари; иккинчидан — ўқитувчининг сезгирлиги, талабчанлиги билан боғлиқ ташқи хислатлари ва хулқ-атворига қараб; учинчидан, ўқитувчининг ўз фанини билиши, уни тушунтира билиши каби таълим жараёни билан боғлиқ хислатларига қараб характерлаб берадилар.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, тарбия жараёнининг самарадорлигини оширишга қўйиладиган талаблар билан бирга ўқитувчи шахси ва унинг фаолиятига нисбатан қўйиладиган ижтимоий талаблар ҳам ўсиб бормоқда.