Евразийский
научный
журнал
Заявка на публикацию

Срочная публикация научной статьи

+7 995 770 98 40
+7 995 202 54 42
info@journalpro.ru

ЖИСМОНИЙ МАДАНИЯТ СПОРТ СОЦИОЛОГИЯСИНИНГ НАЗАРИЙ- МЕТОДОЛОГИК АСОСИ СИФАТИДА

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Мадаминов Баходир Шарифжонович
Рубрика: Педагогические науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №2 2020»  (февраль, 2020)
Количество просмотров статьи: 1231
Показать PDF версию ЖИСМОНИЙ МАДАНИЯТ СПОРТ СОЦИОЛОГИЯСИНИНГ НАЗАРИЙ- МЕТОДОЛОГИК АСОСИ СИФАТИДА

Мадаминов Баходир Шарифжонович
Педагогика ва психология кафедраси доценти,
Наманган, Ўзбекистон

XIX асрнинг иккинчи қисмида О.Конт ва Г.Спенсер социологиянинг асосларини шакллантирган даврда ушбу фанни бу каби улкан келажак кутаётганлигини тахмин қилиш ҳам мумкин бўлмаган. Бугунги кунда социология — етакчи илмий фанлардан бири ҳисобланади. Инсон ёки инсонлар гуруҳи олдида қанчалик мураккаб ва олий вазифалар турмасин, уларнинг барчаси инсон муносабатлари табиатига, одамларнинг бирга яшаш кўникмалари ва қобилиятларига, қандайдир умумий қадриятларни бўлиша олишига, ўзини тутиш меъёрларига, биз яшаётган дунёда ҳар қадамда учраб турадиган низоли вазиятларни ҳал этишга боғлиқ бўлади. Бизнинг олдимизда турган муаммолар қанчалик мураккаб бўлса, уларни ҳал этишда шахс ва унинг инсон ҳақидаги билимлари шунчалик муҳим ўрин тутади.

Сўнгги пaйтлaрдa бутун дунёда спорт ва жисмоний тарбиягa aлоҳидa эътибор қaрaтилмоқдa. У кўпинча бaйрaм тaдбирлaри, оммaвий спорт ўйинлари, кўчa (маҳаллий шароитимизда маҳалла) спорт мусобaқaлaри вa бошқaлaр орқали гавдаланади. Спортнинг жaмоaт ҳaётидa мaвжудлиги вa муҳим рол ўйнaши жудa муҳим бўлиб, унинг аҳамияти катта сиёсат ва мафкуравий даражагача кўтарилди. Спорт, жисмоний тарбия сифатида муҳим ижтимоий ҳодисa саналиб, социологлaрнинг ҳам тадқиқот объектига айланиб улгурди. Спорт социологияси биринчи навбатда спортнинг ўзи, иккиламяи жисмоний тарбияни соғлом турмуш тарзининг асоси сифатида ўрганишни, шунинг асосида унинг тaрбия тeхнологиялари, ўқитиш усуллaрини такомиллаштиришни тавсия этадилар, унга нисбатан даврнинг ижтимоий ҳодисaси сифaтидa қарашни илгари сурадилар. Социология спорт орқали мураккаб ижтимоий тизимлар ва тузилмаларни тушуниш, ижтимоий дунё қай тарзда яшаши ва фаолият олиб боришини англаш имкониятини беради.

Ғарбда узоқ вақт давомида социология сиёсат, маданият билан шуғулланувчилар учунгина зарур, деган фикр мавжуд бўлган. Бироқ ижтимоий дунё ўта мураккаб. У инқирозларга, низоларга, зиддиятларга тўла. Қай биримизга ўзаро бир-бирини тушуниш, яхши ният керак эмас? Низоларни ҳал этгандан кўра, унинг олдини олган афзал эмасми? Бунга эса фақатгина атрофимиздаги дунёни илмий англашга эришганимиздагина имконият туғилади. Айнан социология ижтимоий дунёни, шахснинг ижтимоий муносабатларини англаш имконини берувчи фан ҳисобланади.

Ижтимоий таҳлил учта асосий масалани ҳал этишни акс эттиради:

Ижтимоий тузилмалар қай тарзда шаклланади, ижтимоий ташкиллаштиришнинг турли шаклларининг вужудга келиш сабаблари ва шароитлари нималардан иборат?

Ушбу ижтимоий тузилмалар ва хулқ намуналари қай тарзда барқарорлик ва мустаҳкамликка эришади?

Ижтимоий тузилмалар қай тарзда ўзгаради ва парчаланади, ижтимоий бузғунчиликнинг сабаблари нимадан иборат?

Қўйилган саволларга жавоблар социологиянинг асосий муаммоларини илгари суради: ижтимоий тартибни қай даражада ўрнатиш мумкин ва бунга қай тарзда эришиш мумкин.

Социология — бу жамият ва унинг таркибий қисмларининг — ижтимоий гуруҳлар, уюшмалар, одамларнинг ўзаро ижтимоий муносабатлари жараёнида вужудга келувчи ижтимоий институтларнинг ўзгариши ва фаолиятининг тузилмали механизмаларини илмий ўрганиш демакдир. Спорт социологияси эса инсон хулқ-атвори ва ижтимоий-маънавий муҳитни ташкиллаштиришни изоҳлаш ва оқилона тушуниш демакдир. Бунинг натижасида эса жамият ўз олдида турган муаммоларни ҳал этишнинг илмий йўлларини аниқлаб олиш имконияти вужудга келади.

Аслида инсон турмуш тарзи ва соғлиғи билан барча фан тармоқлари шуғулланади. Аммо масаланинг долзарб жиҳатларини илмий асослаш учун алоҳида тармоқ соҳалар вужудга келади. Шундай йўналишлардан бири — бу спорт социологиясидир.

Ҳар бир муаммонинг муҳим қирраларини фан орқали намоён этиш барчага маълум. Бироқ 1930 йилда таниқли рус олими В.И. Вернадский томонидан илгари сурилган ўзига хос ғоя мавжуд: «биз энди фанга эмас, кўпинча муаммоларга мутаҳассислашиб бормоқдамиз». Замонавий жамиятнинг тараққий этиб бориши соғлиқни сақлашдаги долзарб ижтимоий муаммога тўқнаш келмоқда. Нима учун социал муаммо. Негаки инсоннинг соғлиғига бевосита жиддий таъсир кўрсатадиган ҳолатлар, бугунги кунда оиладаги ташвишлар, спорт тизимидаги тартибсизликлар, иқтисодий ва сиёсий жараёнлардаги қонунларнинг пала-партишлиги, жамиятдаги маънавий ҳамда маданий меъёрларнинг таназзулга учраши кабилар сабаб бўлмоқда.

Мазкур келтирилган ҳолатлар юзасидан, таъкидлаш мумкинки, ҳозирги кунда Ўзбекистон шароитида спортнинг асосий тамойил ва масалаларини тадқиқ этиш учун «спорт социологияси» фанини ривожлантириш муҳим омил саналади. Жамият ривожланишининг хозирги замон босқичида инсонни тарбиялаш, унинг жисмоний сифатларини ривожлантириш, саломатлигини мустахкамлаш, иш қобилятини ошириш, жамоаларда қулай рухий мухитни яратишнинг кўп қиррали жараёнида жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти ортиб бораётганлиги кузатилмокда. Спорт эса — бу маданиятдир. У шу сабабли ҳам жисмоний маданият шаклида келади. Бунинг учун маданият мавзусини социологик талқинига эътибор қаратишимиз керак бўлади.