Евразийский
научный
журнал

Ўзбекистонда маданий туризмни ривожлантириш масалалари

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Дадажонова Мартабахон Махмудовна
Рубрика: Экономические науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №5 2019»  (май, 2019)
Количество просмотров статьи: 463
Показать PDF версию Ўзбекистонда маданий туризмни ривожлантириш масалалари

М.М.Дадажонова
Андижон
машинасозлик институти доценти,
иқтисод фанлари номзоди

Аннотация: ушбу мақолада маданий туризм тушунчаси ва уни Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришдаги аҳамияти ёритилган.Шунингдек, маданий туризмнинг бошқа туризм турларидан фарқ қилиниши жиҳатлари ҳақида таҳлилий маълумотлар келтирилган.

Калит сўзлар: маданий туризм, рекреация туризм, эспансия, резидент,археология, этнография, туроператор, туризм инфратузилмаси.

Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири- бу туризмдир.Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўлган давлат ҳисобланади. Республикамиз Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йилнинг 28 декабрида Олий Мажлисга Мурожаатномасида " Туризмни ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чоралар кўришимиз зарурлигини, республикамизда туризм кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб колаётганлигини таъкидлаб" [1] ўтдилар.Шу жиҳатдан олиб қараганимизда Республикамизда маданий туризм соҳанинг бошқа турларига қараганда кўпроқ ривожланганлигини ва уни амалий жиҳатдан тадқиқ этиш, келгусида истиқболли фаолиятини амалга оширишга қаратилган ёндашувларни белгилаб бериш шу куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.Негаки, туризмнинг бошқа турлари учун ўзига сарфланган маблағларнинг қоплаши қийинроқ- маданий туристик маҳсулот таклиф этилаётган вилоятларда эришилаётган рентабеллик кўрсатгичлари рекреация туризми таклиф этилаётган вилоятлардагига нисбатан йирикроқдир.Тошкент, Самарқанд, Бухоро, ва Хоразм каби маданий туризм ривожланган вилоятларнинг ҳар бирида туризм бўйича эришилаётган рентабеллик кўрсатгичлари чет элдан келаётган сайёҳлар ҳисобига кейинги йилларда сезиларли равишда ортди. Биргина 2018 йилда сайёҳлар сони 1,5 миллиондан- 4 миллионга ортганлиги буни яққол кўрсатиб беради.Чунки, маданий туризмни ташкил этиш харажат-

лари рекреакция туризмини ташкил этишдан кўра кам харажат талаб этади. Туризм борасида сўз юритилар экан, илмий муҳитда маданий туризмнинг бошқа туризм турларидан нимаси билан фарқ қилишини аниқ асослаб бериш масаласи кўтарилади. Шу сабабли, маданий туризмни махаллий шарт- шароитларни инобатга олган холда атрофлича ўрганиш шу куннингг долзарб вазифаси ҳисобланади.

Инсон ёшлигиданоқ туризмга қизиқа бошлайди. Масалан, Ўзбекистон шароитида ҳам аксарият болалар ўз дўстлари, синфдошлари ёки ота-оналари билан яқин атрофдаги маданий ёдгорликлар ва табиатнинг сўлим оромгоҳларига сайру- саёҳатлар уюштириб турадилар. Тоғу- тошлар ва денгиз бўйларига сайёҳатлар давомида ёшлар жисмонан чиниқиб, ўз билим ва кўникмаларини ривожлантирадилар. Катта ёшдагилар эса, бундай туристик фаолият давомида ўз меҳнат қобилиятларини қайта тиклаб, маданий эҳтиёжларини қондирадилар.

Туризмнинг ўзи янги нотаниш жойларни очиш, ташқи муҳитдан ўзгаришлар излаш ва таассуротларни бошдан кечириш мақсадидаги интилишлардан келиб чиққан бўлиб, ушбу атама дастлаб француз тилида қўлланила бошлаган. Туризм асосан, инсонларнинг кўнгил ёзиш, ҳордиқ чиқариб, дам олишга мўлжалланган хатти-ҳаракатларини ўз ичига олади.Бундан ташқари, туризмга иш ҳамкорлари ва узоқлардаги дўст-қариндошлар билан учрашиш кабилар кирса-да, амалга оширилаётган бундай саёҳатлар давомида хордиқ чиқаришдан воз кечилмайди.

Кўплаб қадимги юнон мутафаккирлари инсон тарбиясида саёҳатларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида фикрлар баён этишган.Арасту, Демокрит,Квинтелиан).Уларнинг фикрича, инсон тарбиясида табиатни ўрганишнинг аҳамияти катта, табиатни эса, фақатгина бевосита у билан муомала этганда ўрганиш мумкин. Саёҳатлар ўспиринларни чиниқтиради, дунёқарашини ривожлантиради, мустақил ҳаётга тайёрлайди, ўз ватанига муҳаббатини кучайтиради, уни ватан ҳимоясига ҳам жисмоний, ҳам руҳий тайёрлайди, дунё кўрган киши доно бўлади.

Жан — Жак Руссо ўз назарияларида ( " Табиатни англаш ва табиий хулқ меъёрларини қайта ишлашга интилиш") турситик саёҳатларнинг ёшларни соғлом ва ватанпарвар қилиб тарбиялашдаги аҳамиятини қайд этиб, сайёҳатларни тарбиянинг таркибий қисмларидан бири, деб санайди ҳамда шахсни шакллантиришга бошқа воситалар қаторида саёҳат мақсадларининг ҳам алоқасини очиб берди.

ХХ асрнинг бошларида Олмония, Дания ва Бельгия каби мамлакатларда " «Саёҳатчи ўқувчилар» ҳаракати пайдо бўлди.Унинг низомида ўсиб келаётган авлодни тарбиялашда оғир шароитли саёҳатлардан фойдаланиш кераклиги қайд этилган эди, Ўша даврдаги сиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда ёшларга туристик машқларни ўргатган ҳолда улардан бўлажак аскарлар тайёрлаш мақсади кўзланган эди.

Кейинроқ ташкил этилган Жаҳон туристик ташкилоти (WTO, WORLD TOURIST ORGANIZATION)1967 йили қуйидаги шиори билан чиқди: «Туризм турли дин ва тариқатлар аъзолари, атеистлар ва диний қарашларга қизиқиш танишиш билан ёндашадиган кишилар орасида янада самарали учрашув ва диалогларни таъминловчи жаҳон йўли».

Декмак, туризм инсоний қадриятларни ривожлантиради, шу сабабли уни физиология масалаларидан ташқари, шахс ва унинг ғурурини ривожлантиришдаги рекреацион қайта тикланиш омили сифатида ҳам кўриб чиқиш керак. Инсон тинч, осойишта, хотиржам ҳолатда тўлиқ ишонч билан суҳбат юритиш имконияти мавжуд бўлган вазиятда эркинлик ва ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжини қайта ҳис қилади ва шахслараро ижобий муносабатлар ўрнатади. Туризм нафақат кундалик ҳаёт ва ишнинг бир хиллигини тўхтатиш учун мўлжалланган ҳордиқ чиқариш ва дам олиш, шунингдек, инсон ва атроф-муҳитнинг бирлигини таъминлаш тимсолидир.

WTOнинг Манилада имзоланган декларациясининг 21- моддасида қайд этилишича, туризмда руҳий омиллар техник ва моддий омиллардан устун бўлиши керак.Бундай омилларга қуйидагиларни киритиш мумкин: чегарасиз экспансия, маориф, инсон қадрининг улуғланиши учун шахс сифатида озод қилиш, ҳар бир маданиятнинг такрорланмаслигини тан олиш ва ҳалқларнинг руҳий меросини асраган холда муносабатда бўлиш.

Туризмда маданий омиллар бошқа омиллардан устувор бўлиши лозим экан, маданий туризм деганда нималарни тушуниш лозимлигини англаб олиш мақсадга мувофиқдир. Маданий туризм деганда ўзга халқларни ( ўзга жойларда яшовчиларнинг) маданияти, тарихи, этногафияси, архелогияси, фольклори ҳаёт тарзи билан билан қизиқувчи туристларнинг фаолияти тушунилади. Маданий туризм мобайнида инсонлар ўзга халқларнинг маданияти билан янада чуқурроқ танишиш мақсадида маҳаллий театрларга, миллий санъат ва халқ ижодиёти намойиш этиладиган жойларга кўпроқ эътибор беришади. Баъзи туристлар маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган уйларга меҳмон сифатида буюришдан воз кечмайдилар. Буни резидентларнинг маданияти билан танишишнинг энг яхши усули, деб ҳисоблайдилар.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, туристларнинг асосий мақсади-дунёни билиш, дунё халқлари тарихи, маданий обидалари билан танишиш, уларни ўрганиш ва алоқаларни янада мустаҳкамлашдир.

Мутахассисларнинг фикрича туризмдан мақсад-дунё маданиятини ўрганиш, ҳар хил минтақаларда яратилган инсоний қадриятлар, меъморий ёдгорликлар билан танишиш, улардан завқланиш, инсон яратган муъжизавий асарлардан, илҳомланиш, турли халқлар маданиятини қиёсий ўрганиш; муқаддас диний зиёратгоҳларни кўриш, улардан руҳланиш, ибодатни бажо келтириш, инсоний бурчни адо этиш, ҳамда шулар орқали инсонлар орасидаги маданий-маърифий адоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат.

Маданий туризм ихлосмандлари туристик манзиллар аҳолиси тарихи (археология, этнография, ўлкашунослик), яшаш тарзи ва кун кечириш муҳитининг шарт-шароитлари, миллий ҳунармадчилик санъати кабиларга катта қизиқиш билдиришар экан, бунда махаллий ҳаёт билан яқиндан танишиш истаги қанчалик кучли бўлишидан қатъий назар, бу танишиш қандайдир ноқулайлик, қийинчилик ёки хавф-хатарни бошдан кечириш орқали амалга ошириладиган бўлса, бу холда саёҳлар ўзларининг бундай мақсадларидан воз кечиб қўя қоладилар.

Маданий туристларнинг баъзилари ўзларига ўхшаган бошқа саёҳлар гуруҳида саёҳат қилишни ёқтирса, бошқалари якка ўзлари ёки кичикроқ гуруҳларни афзал кўрадилар.Туристларнинг баъзилари ўз саёҳатларини ўзлари режалаштиришлари, яъни, қачон қаерга бориш, у ерда қанча вақт тўхтаб туриш кабилар тўғрисида ўзлари мустақил қарор қабул қиладилар. Улар фақатгина маҳаллий аҳоли вакилларидан бирор бир гид-таржимонни вақтинчалик ёллашлари ҳам мумкин.Бошқа баъзи бир туристлар эса, саёҳат ташкилотчилигини тўлалигича тур ташкилотлари- туроператорларига ишониб топширадилар.

Хуллас, маданий туризм инсонларнинг ўзга халқлар маданияти билан танишишга бўлган қизиқишларига асосланади ва хар бир турист ўз эҳтиёжларини белгиланган талаблар орқали қондирилишини истайди.

Туристик эҳтиёж (талаб)ларни қондириш учун биринчи навбатда туристик ресурслар мавжуд бўлиши лозим.Ўзбекистонда маданий туризм талабларини қондирувчи ресурслар кўплаб топилади.Масалан, Юртимизда 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.Туристлар эътиборига таклиф этилаётган ёдкорликларнинг аксарияти ХХII-ХХ асрларга мансуб бўлса, уларнинг орасида IХ аср ёдгорликлари ҳам учраб туради. Бухоро шимоли ва шимоли-шарқда жойлашган Сармиш, Нурота тоғ тизмаларида, Сурхондарё вилоятида ибтидоий жамоа тузумига хос ёдгорликларни ҳам учратиш мумкин.

Шунингдек, кўплаб қадимий шаҳарлар қолдиқларида олиб борилган археология қазишма ишлари, табиий қўриқхоналаримизда кўпайтирилаётган

ноёб ҳайвонлар билан танишиш ҳам маданий туризм ихлосмандларида кўплаб таассуротлар қолдириши мумкин. Республикамиз хукумати ушбу салоҳиятларни инобатга олган холда кўплаб хайрли тадбирларни амалга оширмоқдаки, бу ишларнинг натижаси туризмнинг ривожланишига бевосита туртки бермоқда. Масалан, кўплаб диний-маданий зиёратгоҳларимиз капитал таъмир этилди ва буюк мутафаккирларимизнинг муборак юбилейлари нишонланди. (Ал-Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳовуддин Нақшбандий, Ал-Мотуридий, Амир Темур ва бошқалар). Бухоро, Хива, Шахрисабз шаҳарларининг юбилейлари, " Алпомиш" достони юбилейини нишонлаш тадбирлари натижасида кўплаб ёдгорликларимиз янада равнақ топди.

Иккинчи навбатда, маданий туризмнинг ривожланиши учун ( бошқа туризм турлари сингари) жозибадор ресурслар мавжуд бўлишининг ўзи етарли эмас.Яъни бундан ташқари, махаллий туристик инфратузилма ҳам етарли даражада ривожланган бўлиши лозим. Республикамизда туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида " Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий Авиакомпанияси Марказий Осиёдаги энг яхши авиаташувчи ташкилотга айлантирилди. Тошкент-Бухоро темир йўл йўналишининг хизмат даражаси кўтарилди. Тошкент-Самарқанд йўналишида шинам тезюрар поезд қатнови ишга туширилди. Тошкент-Самарқанд темир йўли бутунлай электрлаштирилиб " Афросиёб" поезди қатнови амалга оширилди.

Шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Хоразм каби вилоятларда кўплаб янги замонавий меҳмонхоналар қуриб ишга туширилди ва қурилмоқда, кўпгина аэропортлар замонавийлаштирилди.Бундан ташқари Самарқанд вилоятидан Сурхондарёгача бўлган темир йўл тармоғи электрлаштирилди, Тошкент вилоятидан Қамчибек довони орқали Фарғона водийсига ўтувчи темир йўл қурилиши ниҳоясига етказилиши орқали водийнинг туристик имконияти ошиб бормоқда.

Учинчи навбатда, Ўзбекистон маданий туристик маҳсулотни ҳалқаро ва ички туристик бозорда ўтказиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тўғри маркетинг сиёсатини юрита оладиган мутахассис кадрларни тайёрлаш зарур.Чунки қўшни мамлакатлардан кўрсатилаётган кучли рақобат шароитида узоқлардан келувчи туристларни туристик манзилгоҳларимизга жалб қилиш учун бизнинг турмаҳсулотимиз билан қизиқадиган истеъмолчиларни топиш, уларни ўлкамизда айнан нималар қизиқтириши ва бу қизиқишни қандай усулларда қондириш лозимлигини аниқлаш, ҳамда шунга мос тадбирларни амалга ошириш фақатгина туризм соҳасидан хабардор бўлган етук маркетинг мутахассисинингина қўлидан келиши мумкин.Бундай мутахассислар Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетида тайёрланмоқда.

Кўриниб турибдики, маданий туризм мамлакатимиз учун истиқболли саналган туризм турларидан биридир. Шу сабабли, уни ривожлантириш борасида изчил сиёсат юритилмоқда, туризм соҳасини ривожлантирувчи тадбирлар қўллаб-қувватланмоқда. Оқилона юритилаётган туристик сиёсатни ўлкамизда янги яратилаётган туристик ташкилотларнинг сони кун сайин ошиб боришидан ҳам кўрсак бўлади.

Туризмни ривожлантиришда эътиборга олиниши лозим бўлган яна бир жиҳат — туристик ресурслардан келгуси авлод ҳам манфаат олиши учун уларни асраб- авайлаш ва сақлаб қолиш масаласи ўзининг долзарблиги билан ажралиб туради. Шуни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда қурилаётган ҳар бир янги бино қурилиш услуби, дизайни чет элдан келаётган саёҳларни ўзига тортадиган бўлиши лозим. Бу борада мамлакатимизда қад кўтараётган биноларнинг архитектура лойиҳаларининг ишлаб чиқилаётганлиги қувонарли ҳолдир. Шу билан бирга қайта таъмирланган машҳур зиёратгоҳларимизда миллий қурилиш санъати анъаналарига содиқ қолинмоқда. Биргина " Зангиота" зиёратгоҳида амалга оширилган ишлар намуна сифатида кўрсатилиши мумкин.Эндиги масала хусусий сектор томонидан тарихий масканларимизда қурилаётган янги биноларда ҳам шу муҳит усулидан кескин фарқланишнинг олдини олишдан иборатдир.

Шунингдек, мамлакатимизда тарихий бинолар таъмирланаётганда унинг асл кўринишини сақлаб қолиш муҳимдир. Бунда қайта таъмирлаш баҳонасида бинонинг ташқи безакларини бутунлай кўчириб, бу безакларни янги қурилиш материаллари билан қайтадан яратиш бинонинг тарихий қадрини тушириб юбориши мумкин.Чунки, маданий туризм ихлосмандларини айнан маданий туристларни эски усулда қурилган янги бино эмас, айнан эски бинонинг ўзи кўпроқ қизиқтиради. Шусабабли,таъмирлаш ишларини амалга оширганда, бу каби хатоларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Туристларни жалб этувчи табиий бойликларимизни сақлаб қолиш ҳам муҳим масаладир. Юртимизда бу борадаги ишлар давлат сиёсати даражасида ҳал этилаётганлиги таҳсинга сазовордир.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, гўзал дам олиш зоналари имкониятларидан фойдаланиб, янги туристик йўналишлар очиш мумкин. Бу соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган холда биз зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожанлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини қўллаш соҳани тараққий эттиришда кенг имкониятлар очишни ҳисобга олишимиз лозим.

Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар ва ёдгорликларни зиёрат қилишдан иборат бўлган «кичик хаж» дастури доирасида ички туризм соҳасидаги катта имкониятларни ҳам тўлиқ ишга солишиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда маданий туризмни янада ривожантириш имкониятлари мавжуд бўлиб, унинг ривожланиши Ўзбекистоннинг ҳалқаро алоқалари ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади.Халқаро алоқаларнинг ривожланиши халқимизни бошқа миллатлар билан янада яқинлаштиради, бу эса, ўзаро ҳамкорликни кучайтиради.Ўзаро ҳамкорликнинг кучайиши Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий инвестицияларнинг янада ўсишига олиб келиши шак- шубҳасиздир.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси 28.12.2018 й. Халқ сўзи газетаси, 2018 йил 29.12.
  2. Александрова А.Ю. География туризма.Москва. КноРУС.2010
  3. Ердавлетов С.Р. География туризма, история, теория, методы, практика. Алматы, 2000.

Дадажонова М.М.

Проблемы развития культурного туризма в Узбекистане

Аннотация: В данной статье рассматривается понятие культурного туризма и его значение в развитии культурного туризма в Узбекистане. А также отличия культурного туризма от других видов туризма.

Ключевые слова: культурный туризм, рекреационный туризм, эспансия, резидент,археология,этнография, туроператор, туристическая инфраструктура.

M.M. Dadajonova.

Issues of cultural tourism development in Uzbekistan

Abstract : This article covers the concept of cultural tourism and its importance in the development of cultural tourism in Uzbekistan. As well as the differences in cultural tourism from other tourism types.

Keywords: culturaturism, restoration tourism, espansiya, resident, archeology, ethnography, tour operator, tourist infrastructure