Евразийский
научный
журнал
Заявка на публикацию

Срочная публикация научной статьи

+7 995 770 98 40
+7 995 202 54 42
info@journalpro.ru

XIX аср охири – XX аср бошларида Бухоро аҳоли турар жойлари интерьер безаги (Файзулла Хўжаев уй - музейи мисолида)

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Азимова Мухайё Баротовна, Ибадуллаева Ш.И.
Рубрика: Искусствоведение
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №2 2017»  (февраль, 2017)
Количество просмотров статьи: 4588
Показать PDF версию XIX аср охири – XX аср бошларида Бухоро аҳоли турар жойлари интерьер безаги (Файзулла Хўжаев уй - музейи мисолида)

Азимова Мухайё Баротовна.
Ибадуллаева Ш.И.

(Файзулла Хўжаев уй - музейи мисолида)
“ Тасвирий санъат ва мухандислик графикаси ”
кафедраси ўқитувчилари
Бухоро Давлат Университети
E-mail: gulshod.ostonova.82@mail.ru

uzbst_1.jpg

Бухоро — катта карвон йўли ёқасида жойлашган қадимий шахарлардан биридир. XIX аср охири — XX аср бошларида Бухоро амирлик пойтахти ҳисобланган. Бу ерда уйлар шаҳар шароитидан келиб чиққан ҳолда, кичикроқ қилиб, кўча шаклига мос равишда қурилган. Шунинг учун ҳам Бухородаги уйлар 2-3 қаватли бўлган. Уйларнинг «бирун» дейилган ташқари қисм, «дарун» дейилган ичкари қисми ёрдамчи бинолардан иборат бўлган. Бухоро турар жойлари «тобистон» — шимолга қараган ёзги хоналар, «зимистон» — жануб ёки ғарбга қараган қишки хоналарга бўлинган. Ҳар бир хоналар мажмуи эшиклар орқали марказий хонага бирлашган. Баланд шифтли ёзги хона мехмонлар учун мўлжалланган, у «мадон» — марказий ва ёрдамчи хоналар устида барпо этилган. Кошинлар билан безатилган «шоҳнишин» мартабали меҳмонлар учун мўлжалланган. Залларнинг ички қисми икки синчли девор ва тўсинлар билан ёпилган томдан иборат бўлган. Деворнинг ҳар иккала томонига баланд ва паст токчалар, шунингдек уларга мос равишда ўйма нақшли ва безак панжарали эшик, деразалар ўрнатилган. Гумбазли масжидларнинг меҳроби девори тик, баъзан квадратсимон ботиқ ва бўртиқ шакллар билан безатилган. Биноларнинг шифти тўсин, васса, нақш ўйилган ҳовузаклардан иборат бўлган турар-жойларнинг ичи меҳмонхоналарга қараганда бойроқ безатилган. Деворларининг тепа қисми ганч сувоқ қилиниб, «шарафа» карнизи ўрнатилган.

Сумалаксимон осилиб турган солинчоқлар, кўп қисми қуббасимон токчалар, ўйма намоёнлар безак вазифасини ўтаган. Намоёнга геометрик шакллар ёки медальонлар, меҳроб қуббалари, ясси даҳана ёки даври-поя сингари ўйма ёки чизма нақшлар билан безатилган. Токчанинг устки қисми қори, муқарнас, ироқи сингари гумбазчаларга эга бўлган. Токчалари бўлмаган бир синчли деворларга ганчдан қуйма бўртма токчалар ўрнатилган. Токчалар ўртасига чобака — қуйма стиллашган кўза тасвирланган панжара ёки токчанинг ички қисми ҳамда алибастр тахтага хаткаш панжара ўрнатиш бухороликлар учун анъанавий ҳисобланган. Токчалар қизил, кўк, яшил каби ёрқин бўёқлар билан бўялган. Бухоролик бойларнинг уйлари токчалари майда бўлакларга ажратилмасдан нақшлар ва ганч безаклар билан безатилган.

uzbst_2.jpg

Деворий безакларнинг асосий қисмини гулдонда турган гулдаста, гуллаётган дарахт шохлари, мажнунтол новдалари кабилар ташкил этади. Тасвирлар бир қадаршартли бўлсада, безаклар анча эркин ишланган. Улар бир-бирига мутаносиб бўлиб, ранглар яхши танланган, чизиқлар нафис. Безаклар ранги тўқдан оч рангга томон ёки аксинча ўзгарган. Ўсимликсимон безаклар геометрик ганч безаклари билан уйғунлашиб кетган. Ўйма ганчларга кўпбурчакли юлдузларнинг геометрик шакли, шунингдек, гул, новда, бута сингарилар тасвири туширилган. Намоёнлар фони ўрнига қараб турли рангларга бўялган. Шифтга ишланган безаклар хона ичини янада кўркам қилиб юборган. Шифт юзаси ҳовузакларга бўлинган. Бухоро турар-жойларининг шифт ва девор безаклари ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Бухоро хоналари деворлари сомонли лой, ганч билан силлиқлаб суваб, пардозланган шокиласимон жимжимадор арақилар, жозибадор нақшлар, якка- якка ўйма оқ нақшлар қўлланилган.

uzbst_3.gif

Қадимдан Туркистоннинг халқ меъморчилигида меҳмонхоналар қуриш, уни безашга алохида эътибор берилган . Жумладан, Бухоронинг амалдор ва бойлари ҳовлиларида меҳмонхона асосий ўрин эгаллаган. Мехмонхоналарнинг ҳажми, унинг катта кичик қилиб қурилиши хона сохибларининг жамиятдаги мавқеларига боғлиқ бўлган. Меҳмонхона кўпинча шимолга, айрим ҳолларда шарққа қаратиб қурилган. Меҳмонхона худди ёзги ва қишки хоналар каби дахлиз ва мадонга эга бўлиб, уларга нисбатан икки баравар баланд бўлган. Даҳлиз ва мадонлар устида эътиборли мехмонлар учун алохида «шохнишинлар» (шоҳ ўтирадиган жой) қурилган. Халқ меъморчилигидаги бу унсур сарой меъморчилигидан олинган. Бундай шохнишинлар Бухоролик кўпгина амалдорлар уйларида бор. Мисол қилиб, Шарифбек, Убайдуллахўжа, Нуриллабой уйларида учратиш мумкин. Масалан, Шота Руставелли кўчасидаги йирик амалдорнинг уйидаги шоҳнишин деворларида ўзгача деворий суратлар мавжуд. Даҳлиздан зина орқали шоҳнишинга кўтарилганда ғарбий девор икки равоғининг бирида совуқ рангларда ишланган тоғ манзараси узра худди осмондаги юлдузлар каби қизил, кўк гуллар сочилган. Иккинчи равоқда эса, анъанавий кўзали гулбутани эслатувчи, аммо кўк гултувакдан униб чиққан лимон дарахти сариқ мевалари билан жуда аниқ чизилган. Ундан кейин жойлашган дарича устидаги равоқда эса, қирғоғи тик қояли денгизда сузаётган оқ елканли кема тасвирланган. Шарқий деворнинг ярмида эса, баланд тоғли денгиз кўрфази ва унда сузаётган кемалар тасвири ҳам совуқ рангларда амалга оширилган. 

uzbst_4.jpg

Тасвирнинг бажарилиш услуби оврупачага ўхшасада, уни бажарган киши маҳаллий наққош эканлиги тоқлар пештоқидаги гулларнинг тасвирланишида, мевали дарахт шохлари, барглари ва меваларнинг симметрик жойлашувида яққол кўзга ташланади. Меҳмонхона шоҳнишинида Оврупо усулидаги тасвирлар пайдо бўлишига тадқиқотлардан маълум бўлишича, 1910 йилларда Бухоро маданиятига Оврупонинг таъсири кучайган ва бухоролик наққошлардан Наби Ҳафизов баъзи уйларнинг наққошлик безагида даврий матбуот, открытка ва бошқалардан фойдаланиб, юқоридаги каби реал тасвирларни ишлаган.

uzbst_5.jpg

XIX аср охири — XX аср бошларида Бухоро аҳоли тураржойлари орасидаги энг кўзга намоён бўлган ҳовлилардан бири бу йирик амалдор ва савдогар Файзулло Хўжаев уйлари ҳисобланади.

uzbst_6.jpg

Файзулло Хўжаев (1896-1938 й.) уйлари 19 аср охирида (тахминан 1870 йилларда), Қадимий Ғозиён кўчасида барпо этилган. Бу уй аслида Файзулло Хўжаев отаси Убайдулло Хўжаевга тегишли бўлган. Ҳовли 3 га ердан иборат бўлиб, уй 2 қисмдан иборат: улар — ташқи (эркаклар учун) ва ички (аёллар учун). Бундан ташқари уй ёзги ва қишки хоналарга ҳам бўлинган. Ҳар бир уйнинг ўз "дахлиз"и ва "мадон«и бор. Уйнинг айвони, мехмонхоналари ва алохида хоналарининг ўзбек амалий санъат турлари, яъни ёғоч ўймакорлиги, ганч ўймакорлиги, наққошлик билан безатилганлиги диққатга сазовордир. Уйлар девори 3 қисмдан иборат: пастда — изора(унча баланд бўлмаган пойдевор), ўрта қисмда — асосий девор ва токчалар, намоёнлардан иборат бўлган. Юқорида эса шифтга уланиб кетадиган ҳошия безаклардан иборат. Учинчи қисм — шарафа қисми ҳисобланади. Ҳовлининг барча, яъни ҳам қишки, ҳам ёзги хоналарининг изора қисмида кўпинча геометрик нақш — гирих ва ислимий нақш ишлатилган.

Ислимий нақшлар бухороча услубда — едирма тарзида бўлиб, асосан, яшил, охира, пушти, осмонранглар ишлатилган. Асосий девор токчалардан ва намоёнлардан иборат. Деворнинг ҳар иккала томонига баланд ва паст токчалар, шунингдек уларга мос равишда ўйма нақшли ва безак панжарали эшик, деразалар ўрнатилган. «Бағдоди» деб юритиладиган эшик, дарча, деразалар кенг тарқалган.

uzbst_7.jpg 

Девордаги нақшлар одатий бухороча услубда, яъни едирма нақшлардан иборат бўлиб, унда кўпинча гулдондан ўсиб чиқаётган гулдаста, гуллаётган дарахт шохлари, мажнунтол новдалари тасвирланган. Улар «ҳаёт дарахти», табиат инъоми, абадийлик ва осойишталик каби маъноларни англатади. Хусусан, анор бутаси — ҳосилдорлик рамзини, мажнунтол — севги соғинчи сингариларни ифодалайди. Нақшлардаги гуллар осмонранг, пуштиранг, яшил, охира, қизил рангларда ишланган. Бундан ташқари уй деворларида биз ислимий нақшларнинг геометрик ганч безаклари билан уйғунлашиб кетган ҳолларини ҳам учратишимиз мумкин. Гипсда ўйилган ўйма нақшларда кўпбурчакли юлдузларнинг геометрик шакли, ҳамда, гул, новда, бута сингарилар тасвири ҳам яққол кўзга ташланади. Намоёнлар фони турли рангларга бўялган, масалан: қизил, сариқ, қизғиш, кўк, фирузаранг, пуштиранг, яшил.

uzbst_8.jpg

Шуни алохида айтиб ўтиш лозимки, уй деворининг учинчи, яъни шарафа қисми ҳам ўзининг алохида жозибадорлиги билан ажралиб туради. Ганчда ўйилган ўйма нақшлар тилла суви билан юргизилиб, уста наққошлар томонидан турли рангларда безатилган.

Хуллас, йирик амалдор ва савдогар Файзулла Хўжаев уйлари 19 аср охири ва 20 аср бошларидаги энг кўркам кўринишга эга бўлган турар-жойларидан бири ҳисобланиб, уй ўзининг деворларидаги безаклари, композицион ечимлари, ранглар жилоси билан эътиборни тортади.Бухоро анъанавий аҳоли тураржойлари хусусиятларини ўрганиш Ўзбекистон меъморчилиги ва амалий безак санъати тарихининг энг қизиқарли саҳифаларидан бири ҳисобланади. Бу бой меросни асраб — авайлаш, уни ўрганиш, илм-фан ва миллий маданият ютуғи сифатида кўрсатиш биз ёш авлоднинг ҳам қарзи, ҳам фарзидир.

АДАБИЁТ

  1. Пугаченкова Г.А, Ремпель Л.И. Выдающиеся памятники архитектуры Узбекистана. Ташкент, 1958.
  2. Веймарн Б.В. Искусство Средней Азии. М. — Л, 1940.
  3. Воронина В.Л.Народные традиции архитектуры Узбекистана.М, 1951.
  4. Майкова В.Н. Художественная культура народного жилища Узбекистана.Ташкент, 1990.
  5. Уринбаева М.Б. Традиции и преемственность интерьера жилых домов в Узбекистане. Ташкент, 1992.
  6. Вахитов М.М, Мирзаев Ш.Р. Меъморчилик тарихи. Тошкент, 2010.
  7. Аҳмедов М.Қ. Ўрта Осиё меъморчилиги тарихи.Тошкент, 1995.
  8. Бухоро шарқ дурдонаси.Тошкент, 1997.