Евразийский
научный
журнал
Заявка на публикацию

Срочная публикация научной статьи

+7 995 770 98 40
+7 995 202 54 42
info@journalpro.ru

Тарих фанининг илмий-маданий ва фалсафий асослари

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Хонимқулова Нилуфар Хакимовна
Рубрика: Исторические науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №10 2018»  (октябрь, 2018)
Количество просмотров статьи: 2242
Показать PDF версию Тарих фанининг илмий-маданий ва фалсафий асослари

Хонимқулова Нилуфар Хакимовна
Шеробод тумани 50-сон умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси

Маданиятимизнинг пойдевори бўлган тарихий меросимизни тиклаш, таҳлил қилиш фақат илмий-назарий жиҳатдан катта аҳамият кашф этиб қолмай, айни вақтда буюк алломаларимиз яратган маънавий хазинадан баҳраманд бўлишда, ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал қилишда ва инсоннинг ҳар томонлама камол топишда муҳим омил ҳисобланади. Ҳаққоний тарихий билмасдан туриб эса ўзликни англаш мумкин эмас.

Ҳақиқатан ҳам тарих тажрибасини ўрганиш — давримизнинг мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳодисаларини чуқур идрок этиш ва тушуниб етишга, озодлигимиз мустақиллигимиз ва равнақимизни қадрлашга, порлоқ истиқлол йўлида янги тараққиёт учун катта режалар белгилаш ва уларни амалга даъват этади. Ниҳоятда бой ва ранг-баранг тарихимизни идрок этиш — кишининг билим доирасини кенгайтирибгина қолмай, шахс ижтимоий-маънавий онгини юксак даражага кўтарилишига имконият яратади. Бундай олижаноб вазифани бажаришда археолог, тарихчи ва шарқшунос олимларнинг кейинги йилларда амалга оширган ажойиб кашфиётлари алоҳида ўрин эгаллайди. Бинобарин, чексиз саҳродаги қум уюмлари ва тақир ерлар остида ётган мунгли харобалар сирини очиш, чанг босиб ётган архив хужжатларини жиддий тадқиқ этиб тилга киритиш энг катта илмий жасорат эканлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов одилона таъкидлаганидек, мустақилликка эришганимиздан кейин халқимизнинг ўз юрти, тили, маданияти, қадриятлари, тарихини билишга, ўзлигини англашга қизиқиши ортиб бормоқда. Бу табиий ҳол чунки одамзод борки авлод аждоди кимлигини, насл-насаби, ўзи туғилиб вояга етган қишлоқ, шаҳар, хулласки, Ватанининг тарихини билишни истайди. Давримизнинг таниқли донишманди, инглиз файласуфи Жон Бернал ҳозирги замон миллатнинг маданий савияси унинг ўз тарихига бўлган муносабати билан белгиланади, деб бежиз айтмаган.

«Тарих» сўзи «historia» сўзидан олинган бўлиб ўтмиш воқеалар ҳақида ҳикоя, бўлган ходисалар деган маънони англатади. Мутафаккирлар дастлабки даврлардан бошлаб тарихга универсал билиш сифатида қараб келишган.

Ўтмишни қандай билиш мумкин? Ўтмиш бугунги кун билан, келажак билан қандай алоқада бўлади? У ёки бу халқ тарихининг бир бутун универсал маъноси борми?

Албатта шу каби саволларга тарих фалсафаси жавоб беради. Демак, тарих фалсафасини яратиш учун бир бутун инсон эволюциясини, унинг маъно ва мазмунини таҳлил қилиш керак. Тарих фалсафаси — тарихни англаш, унинг орқага қайтмас жараёнини тушуниб олишдир.

Тарихий воқеалар ва жараёнларни ҳаққоний ва одилона билиш учун фалсафий методология талабларини чуқур ўзлаштириб олиш катта аҳамият касб этади. Илмий фалсафий назария билан қуролланган олим бошқаларга нисбатан ўз фанининг моҳиятини, истиқболини чуқурроқ била олади.

Фалсафий методология ҳамма фанлар учун зарур бўлган умумий илмий билиш усулидир. "Аслида, тарих ва фалсафа мантиқий равишда бир-бирини тақозо этадиган, керак бўлса, тўлдирадиган, тараққиёт жараёнлари ҳақида яхлит тасаввур берадиган, оқ-қорани фарқлашда асос бўладиган фанлардир«. [1]

Тарихий воқеаларни чуқур ва атрофлича ўрганиб чиқиб, замон талабига жавоб берадиган Ватанимиз тарихини, янги ўқув қўлланмалар ва дарсликларни яратиш учун, энг аввало, тарих фалсафасига оид бўлган илмий-назарий масалаларни, методологик муаммоларни яхши англаб олишимиз керак. Бу борада биринчи навбатда тарих нима, уни холисона ўрганиш бизга нима беради, деган саволга аниқ жавоб беришимиз зарур.

Инсон тарихий мавжудод сифатида вақтнинг давомийлигини ҳис қилиб, унда ўз зиммасига нималар юкланиши тушуниб яшашга интилади. Инсон ҳаётнинг маъносини англар экан, у нафақат бугунги кун ташвиши билан яшайди, балки ўтмиш ва келажак, ҳақида фикр юритиб яшайди.

Юнонлар тарихга дунёни эстетик англаш, космоснинг гормонияси ва ундаги даврийликнинг якуни сифатида қараганлар. Космосда ҳам, инсон ҳаётида ҳам узлуксиз алмашиш, айланиш юз беришини қайд этдилар. Табиатда иссиқнинг — совуқ, ёзнинг — куз, қишнинг — баҳор билан алмашинуви, ижтимоий ҳаётда эса яхшининг — ёмон, ёвузликнинг — эзгулик билан алмашинуви айланма шаклда бораётганини кўра билишди.

Инсон ўз тарихини ўзи яратади, ундаги муаммоларни келтириб чиқарувчи ҳам, ҳал қилиувчиси ҳам инсоннинг ўзидир. Тарих ўтмишда инсон туфайли содир бўлган хатти-харакатлар, воқеалар, жараёнларни ўрганадиган фандир. Ўтмишни билиши, ўз навбатида ўзликни англашнинг калитидир, чунки, ўзликни англаш тарихдан бошланади.

Ўзликни англаш дегани нима? Ўзликни англаш, биринчидан, инсон моҳияти; иккинчидан, унинг жамиятда тутган ўрни ва ижтимоий тараққиётдаги роли; учинчидан, ўзининг ички имкониятлари, қобилиятлари нимага қодир эканлигини англаб олиш демакдир. Бунга эришиш учун биз инсоннинг узоқ ўтмиш фаолиятида нималарга эришганини билишимиз зарур. Демак, тарих инсон фаолияти билан узвий боғлиқ бўлган, уни ҳар томонлама, мукаммал ўрганадиган, авлодлар тажрибасини тахлил этадиган ва илмий хулосалар чиқарадиган фан соҳасидир. Шунинг учун ҳам тарих фани ҳамма вақт жамият тараққиётида катта ўрин эгаллаб келган ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қолмоқда.

Тарих инсоннинг ўтмишдаги фаолияти туфайли вужудга келган воқеалар, жараёнларни жиддий ўрганадиган фан бўлса, унинг бугунги куннинг эҳтиёжлари, мафкураси, сиёсати, талабларидан келиб чиқиб янгича таҳлил қилиш, баҳолаш мумкинми деган савол пайдо бўлади. Мазкур саволга фалсафий жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, шу айтиш жоизки, ўтмиш, бугунги кун ва келажак доимо ўзгаришда харакатда бўлиб турган воқеликнинг фазодаги ўзаро боғлиқ, маълум бир кўринишидир.

Тарих ғилдираги доимо ўтмишдан бугунги кунга, ундан келажакка қараб айланаверади. Бугунги кун ўтмишнинг инкори, айни вақтда уни давоми ҳамдир. Айни пайтда бугунги кунда келажак куртаклари ҳам мавжуддир, чунки келажак бугунги кундан келиб чиқади. Шундай экан бугунги кун ва келажакни бир-биридан ажратиб, бир-бирига зид қўйиб таҳлил этиш мумкин эмас. Шу туфайли илгари содир бўлган тарихий воқеаларни ўзида акс эттирган турли-туман манбаалар, ашёлар авлоддан-авлодга мерос сифатида ўтиб тарихимиз, маданиятимизнинг узлуксизлигини таъминлайди.

Инглиз олими Коллингвуд таъкидлаганидек, «агар тарих фанининг вазифаси ўтмишда юзага келган ҳодисалар, воқеалар тўғрисида маълумот тўплаш билан чегараланган бўлса, унда тарихнинг амалиётга нафи тегиши амри маҳолдир.

Аксинча, агар тарихда содир бўлган воқеалар бизгача етиб келган манбалар тагида яшириниб ётган бўлса, унда тарихнинг амалиёт учун фойдалигида ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги тайиндир».

Ўтмиш воқеалари бугунги кунгача бизга етиб келган манбаларда мавжуд бўлиб ҳаётимиз билан чамбарчас боғланиб кетган экан, уларни ҳозирги замон фан ютуқлари ёрдамида атрофлича мустақиллик мафкурасига таяниб чуқурроқ ва холисона ўрганиш, таҳлил қилиш тарих фанини ижодий ривожлантиришга, жамиятимизда содир бўлаётган ўзгаришлар моҳиятини яққолроқ кўринишга, баҳолашга ёрдам беради.

Шундай экан, биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Ватанимиз тарихини мустақиллик ғоялари, мафкураси асосида янгидан яратиш кўндаланг қилиб қўйилганлиги табиий ҳолдир.

Шўро даврида тарихимиз атайлаб сохталаштирилганини эътиборга олсак, асл тарихимизни тиклаш қонуний зарурият ҳолдир. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ўтмиш тарихимиз нафақат бугунги куннинг муаммоларини ҳал қилишда, балки келажакни билишда ҳам аҳамиятга моликдир. Айрим олимларнинг фикрича тарих ўтмишда бир марта содир бўлиб бошқа такрорланмайдиган яккаю-ягона воқеаларни ўрганадиган. Шу туфайли тарих келажакни олдиндан кўра билишга ожиз эмиш. И.Кант, Виндельбанд, Риккерт, Мойернинг ёзишича табиий фанлар нарса ва ҳодисаларнинг фундаментал қонуниятларини ўрганади, шунинг учун улар келажакда содир бўладиган жараёнларнинг оқибатларини олдиндан кўрсатиб бераолади. Тарих эса, ўтмишда бир марта содир бўлиб, такрорланмайдиган якка воқеани ифодалайдиган фан, унинг вазифасига келажакни тахминлаш, башорат қилиш кирмайди. Тўғри, тарих воқеалари индивидуал тавсилотга эга. Лекин шундай бўлсада, тарих воқеалари доимо такрорланиб келган ва (айнан эмас, ўхшаш ҳолда) ҳозирги кунда ҳам шундай бўлиб келмоқда.

Тарих воқеалари ижтимоий қонуниятлар асосида содир бўладиган жараёндир. Шундай экан, тарих қонуниятларига асосланган ҳолда жамият тараққиёти йўналишлари башорат қилиш мумкин.

Адабиётлар

  1. Каримов И.А. БМТ саммитининг минг йиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисидаги нутқ.- T.: Ўзбекистон, 2010.
  2. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. Т:Ўзбекистон,2011
  3. Каримов И.А. Буюк ва муқаддассан мустақил ватан. Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган маъруза. Т.: Ўзбекистон, 2011
  4. Романенко Ю.М. Битые и естество: Онтология метафизика как три типии философского знаний. M., 2003. 784
  5. Фалсафа асослари. Назаров К. таҳрири остида.-Т.: Шарқ, 2005
  6. Ғарб фалсафаси. Назаров К. тахрири остида.-Т.: Шарқ, 2005.
  7. Жахон фалсафаси тарихидан лавҳалар. Назаров К. таҳрири остида. —T.: Шарк, 2004

Linklar

  1. Каримов И.А. Миллий истиқлол мафкураси — халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир. Т.: «Ўзбекистон», 2000, 27-бет.