Евразийский
научный
журнал
Заявка на публикацию

Срочная публикация научной статьи

+7 995 770 98 40
+7 995 202 54 42
info@journalpro.ru

Хоразмда маҳаллий матбуотнинг вужудга келиши тарихи

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Назаров Сардор Бозорбоевич
Рубрика: Педагогические науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №10 2018»  (октябрь, 2018)
Количество просмотров статьи: 1533
Показать PDF версию Хоразмда маҳаллий матбуотнинг вужудга келиши тарихи

Назаров Сардор Бозорбоевич
Урганч давлат университети ҳузуридаги
Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг
малакасини ошириш ҳудудий маркази
"Ижтимоий-иқтисодий фанлар методикаси"
кафедраси катта ўқитувчиси

XX асрнинг 20-30 йилларида Совет ҳокимияти Хоразм воҳасида ўз мафкурасини тарғиб қилувчи маҳаллий матбуотнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратди.

«Инқилоб қуёши» газетаси Хоразмдаги биринчи маҳаллий газета бўлиб, муваққат инқилобий ҳукумат тузилганидан кейин 1920 йил 8 мартдан чоп этила бошланган.

«Инқилоб қуёши» газетасида Қуйи Амударё ҳавзаси халқлари сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий, маърифий ҳаётида содир бўлаётган воқеликларни ўз саҳифаларида ёритган.

Мухбирлар К.Болтаев, Қ.Берегин, О.Сафаева, У.Қурбоний, М.Исмоилий, Э.Девонов, Х.Эшмуратов сингари партия ходимлари ва қишлоқ хўжалиги мухбирлари Фақирий, Хоразмий, Мутриб, Партав, Чокар, Муғанний, Соиб Назарий каби ёзувчи, шоирлар газета фаолиятида иштирок этишган. 1925 йилга келиб «Инқилоб қуёши» газетаси бир ойда 25 марта чиқа бошлади, ойига 8600 нусхага кўпайтирилди.

Шундай бўлишига қарамасдан 1925 йилда бўлиб ўтган иккинчи бутун Ўзбекистон қурилтойида Ўзбекистондаги газета ва журналлар фаолияти кескин танқид қилинди. Қурултойда «Газета идораларининг йўлга солинмаганлиги, тажрибали мухбир, ишчиларнинг камлиги фирқа қўмиталари томонидан бу масалага аҳамият берилмаганлиги, Ўзбекистонда деҳқон муҳбирлари ва деворий газеталарнинг шул кунга бўлган холига сабабчидир» дейилди. 1927 йил февралида «Инқилоб қуёши» газетасига Қурбон Оллаберганов (Берегин) редактор қилиб тайинланган. У муҳарирлик фаолиятини 1929 йилнинг май ойигача давом эттиради. Ана шу даврда «Инқилоб қуёши» газетаси редакциясида М.Оллоёров, И.Ҳабибий, У.Қурбоний ва бошқа қалами ўткир журналистлар фаолият олиб боришган. Айнан улар фаолиятининг самараси натижасида «Инқилоб қуёши» газетасининг жойлардаги муҳбирлари (қишлоқ ва ишчи муҳбирлар) сони кескин равишда ошган. XX асрнинг 20-30 йилларида «Инқилоб қуёши» газетасида фаолият олиб борган Б.Раҳмонов, А.Тагиров, К.Болтаев, Ж.Қаландаров, Қ.Берегин, Ш.Булатов, Р.Мажидий, С.Ўрозов каби муҳаррирларнинг фаолияти эътиборга молик. 1927 йил Қурбон Берегин (Хоразм округ партия қўмитаси бўлим мудири) ташаббуси билан бир неча бор конференциялар ўтказилди. Ўтказилган конференциялар Хоразмда матбуот иши мақсад ва вазифаларини белгилаб берди. Партия ва давлат раҳбарлари Хоразмда миллий тилда чиқадиган газета ва журналларни воҳа ишчи, деҳқонлари билан ўзаро мулоқат минбари деб ҳисоблашган.

Хоразм воҳасидаги биринчи газета «Инқилоб қуёши» газетаси чоп қилинганлигининг 8 йиллиги муносабати билан аҳоли учун газета ва журналларни овоз чиқариб ўқувчилар гуруҳлари ташкил этилади.

1928-1931 йиллар оралиғида Хоразм округида дастлабки туман газеталари пайдо бўла бошлади.

1931 йилга келиб Ўзбекистонда нашр қилинаётган газеталар сони 2500дан зиёд эди.

Ўша даврда Хивада «Қоммуначи», Хонқада «Қурилиш», Гурланда «Колхоз йўли» Шовотда «Шовот ҳақиқати» газеталари чоп этила бошланди.

XX асрнинг 30- йилларида Хоразм воҳасида шўро мафкурасининг мустаҳкамланишида «Инқилоб қуёши» газетаси алоҳида аҳамият касб этди. Газета 400дан ортиқ қишлоқ мухбирларини ўз атрофида бирлаштирди. Агар 20-йилларда газета мухбирлари орасида аёллар камчиликни ташкил қилган бўлса, 30 йиллар бошида уларнинг сони 50 нафарга етган. Чунки шўролар томонидан аёлларнинг «Инқилоб қуёши» газетасига муҳбирликка жалб қилиш ишлари кучайтирилган. Хоразмда 1931 йилда 2 та китоб, газета сотиш ва тарқатишга мўлжалланган китоб дўкони ташкил этилди.

Овулларда адабиёт ва газеталарнинг кенг тарқалиш ва муҳбирлар сонининг кўпайиши адабиёт ва муҳбирлик тўгаракларининг яратилиши учун шароитни юзага келтирди. Бундай тўгараклар кўпинча деворий газеталар қошида ташкил қилинган. 1929 йилда Хивада ташкил қилинган «Ёш куч» деворий газетаси қошида 1931 йилгача 30дан зиёд муҳбирлар тайёрланган.

Воҳада чоп қилинган газета ва журналлар шўролар мафкурасини ташвиқот-тарғибот қилиш воситаси сифатида йилдан йилга кўпайиб, сони оширилиб борилди. Масалан, 1931 йилга келиб «Инқилоб қуёши» газетасига Хива туманидан 1500 дона ўрнига 3000 дона, Хонқа туманидаги 1500 дона ўрнига 3000 дона, Урганч туманида 17000 донага талаб билдирилган. Мақсад газетани ғоявий кураш воситасига айлантириш эди.

Хоразида янги газеталарнинг ташкил этилиши нусҳаларининг кўпайтирилиши, ажратилиши керак бўлган маблағларни ўсишини таъминлади.

Округда 1932 йилга келиб газета ва журналларнинг ўсиш қиймати 118000 рублга етган бўлса, 1933 йилда 170000, 1934 йилда 308000 рублни ташкил этди. 1932 йилга келиб Хоразмда чоп қилинган газеталар тиражи 3.377 тани ташкил қилган бўлса 1934 йилга келиб 30930тага етган. 1930 йилгача «Инқилоб қуёши» газетаси ислоҳ қилинган эски ўзбек ёзуви ва лотин алифбосида аралаш ҳолда чоп қилинганлигини газетанинг май ойидаги сонларидан билишимиз мумкин.«Инқилоб қуёши» газетаси 1931 йилга келиб тўлиқ лотин алифбосидаги ўзбек ёзувига ўтган.

Хоразмда шўро мафкурасининг ғоявий асосини мустаҳкамлаш мақсадида газта ва журналларга мажбурий обуна қилдириш ишлари 1933 йилга келиб янада кучайтирилган бўлиб, «Қизил Ўзбекистон», «Қолхоз йўли», «Ёш Ленинчи» газеталари, «Муштум», «Янги йўл», «Коммунист» журналлари шулар жумласидандир.

1934 йилдан Хоразмда янги газета «Бўл тайёр» чоп этила бошланди. Ушбу газетани чоп қилишдан мақсад, ёшларни шўро мафкурасига садоқат руҳида тарбиялаш эди. 1936 йилга келиб Янгиариқ туманида «Ленин йўли» газетаси чиқа бошлаган. Бу паётда воҳада битта вилоят ва еттита туман газеталари чоп қилинган, муҳбирлар сони 2500 кишига етган эди.

1938 йил 28 сентябрда матбуот ходимлари ва муҳбирларининг Хоразм вилоят кенгаши бўлиб ўтади. Кенгашда туманларда фаолият олиб бораётган муҳбирлар фаоляитдаги камчиликлар муҳокама қилинади. «Ленин йўли», «Сталин йўли», «Сталинчи», «Коммуначи» газеталаридаги мухбирлар фаолияти танқидга учрашининг сабаби, уларнинг сиёсий дунёқараши, ғоялари, шўро мафкураси талабларига мос келмаслигида эди.

«Инқилоб қуёши» газетаси 1939 йил август ойидан янги ном билан «Хоразм ҳақиқати» деб атала бошланди.

Хоразмда 30 йиллар охирига келиб ўттизга яқин газета ва журналлар ўзбек, рус, туркман, қорақалпоқ тилларида чоп этиларди.

Адабиётлар рўйхати

  1. Ўзбекистон коммунистлар (б) фирқаси Марказқўмнинг Ўзбекистон КП (б) иккинчи бутун Ўзбекистон қурилтойига маърузаси.-Самарқанд. 1925-252 Б.
  2. Хоразм ҳақиқати. 1970 йил 3 апрель сони
  3. Митяев О.Культурно-просветительная работа в годы первой пятилетки.-Москва, 1964,-С.41
  4. «Инқилоб қуёши» 1929 йил 29 май
  5. Каримов Н. Қурбон Берегин қисмати-Т, 2006-Б.20
  6. Митяев О.Культурно-просветительная работа в годы первой пятилетки.-Москва, 1964,-С.41
  7. Собиров А. Развитие советской культуры народов низовьев Амудары 1928-1940.-Нукус: Каракалпакистан, 1984.-С.97.
  8. Хоразм вилоят давлат архиви, 631-фонд, 2-рўйҳат, 23-иш, 14 варақ.