Евразийский
научный
журнал
Заявка на публикацию

Срочная публикация научной статьи

+7 995 770 98 40
+7 995 202 54 42
info@journalpro.ru

Ислам – религия мира и толерантности

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Хурсанмуродов Толиб Шукурилла угли
Рубрика: Исторические науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №9 2015»  (сентябрь 2015)
Количество просмотров статьи: 2690
Показать PDF версию Ислам – религия мира и толерантности

Хурсанмуродов Толибжон,

город Китаб, исламская медресе
имена “Хаджа Бухари”

студента 4-курса    

Резюме: В статье раскрывается вопросы мира и толерантности. Проблема сохранения мира находит свое отражение в основных источниках религии ислама. Ислам призывает всех к миру. Подчеркнуто что основная истинная сущность религии ислама заключается в сохранение мира и толериантности.

Ключевые слова: Ислам, мир и спокойствие, терпимость, толериантности, здоровье, религии, верующие, справедливость и истина.

Summary: The article deals with the issues of peace and tolerance. The problem of preservation of the world is reflected in the major sources of the religion of Islam. Islam calls on all to peace. It was stressed that the main essence of the true religion of Islam is the preservation of peace and tolerance.

Keywords: Islam, peace and tranquility, tolerance, tolerance, health, religion, believers, justice and truth.

Муқаддас ислом дини ўзининг номидан келиб чиқиб, инсонларни тинч-тотув яшашга чақиради. Унинг таьлимотидаги асосий мақсад инсонларни тинчлик, ўзаро ҳамкорлик ва бағрикенгликка чақиришдир. Ислом динининг мажбуриятларида инсонннинг тоқати ва унинг имкониятидан ортиқ ишга таклиф этилмаган. Ҳар бир амалга муътадиллик билан ёндашиш, ортиқча қийинчиликларсиз амалларни бажаришга амр этилган. Миллий ғуруримиз, бебаҳо қадриятларимиз, соф эътиқодимиз ҳамда муқаддас динимизни ҳар тарафлама ҳимоя қилишимиз уни ташқи ва ички таҳдидлардан асраб авайлашлик ҳамманинг олдида турган бурчи ҳисобланади. Бу борада давлатимиз раҳбари И.Каримов: “Ислом ота-боболаримиз динидир. Уни ташқи таъсирлардан, ёт унсурлардан тозалаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир” деб таъкидлаганлар [4.350].

Ислом дини тамоман тинчлик, эзгулик ва маърифат дини эканлиги ислом манбаларида батафсил баён қилинган. Тинчликни қадрига етиш, жамиятда содир бўладиган ҳар қандай ёмон ва хатарли иллатларни олдини олиш каби эзгу ишга доимо тарғиб қилади. Машҳур ҳадис китобларида жамланган қўйидаги саҳиҳ ҳадис тинчлик ва саломатлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлайди.

Абдуллоҳ Ибн Аббосдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, инсонларнинг кўплари ундан бепарводир: бу неъмат соғлик ва тинчлик бўлади”, дедилар” [1.684].

Бу саҳиҳ ҳадисни Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий” асарида ва бошқа машҳур муҳаддислар ҳам ўз асарларида келтириб ўтган. Барча муҳаддислар ушбу ҳадисни саҳиҳлигига иттифоқ бўлишган.

Инсонларга берилган неъматлар жуда ҳам кўп бўлиб, бу улуғ неъматлар ичида энг олийси соғлик ва тинчлик эканлиги эслатилмоқда Ҳақиқатдан ҳам шу икки неъмат бўлмаса, бошқа ҳар қандай дунё неъмати инсонга таътимайди. Мол дунё кўп бўлиб, тинчлик ёки саломатлик бўлмаса дунё бойлиги инсоннинг кўзига кўринмайди. Мазкур ҳадисдан олинадиган фойда инсонлар бу икки неъматга бепарво бўлмасликлари, унинг қадрига етиш ва шукронасини қилишга чақирмоқда. Айниқса, ёшларни тинчлик деб аталмиш буюк неъматнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидай асраб авайлаш, ватан учун унинг тинчлиги учун ҳақиқий фидоий ёшлардан бўлиб тарбия топмоқларида ҳадиснинг аҳамияти катта.

Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ (сав) – диннинг қайси жиҳати Аллоҳ таолога суюклироқдир деб сўралди: “Тўғрилик ва кенг қалблиликдир”, дедилар” [1.569].

Инсонлар динининг Аллоҳ таолага маҳбуброқ ва яхшироқ жиҳати, уларнинг кенг қалбли бўлиб, фақат тўғри йўлда бўлишликлари айтилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам муқаддас ислом динининг асосий таълимоти ана шу каби эзгу ишларни бажаришдан иборат эканлигини кўрамиз.

Бағрикенглик, кенгқалблик, очиқ юзлик, ширин сўханлик, ўзгалар манфаатини шахсий манфаатидан устун қўйиш, тўғри йўлга бошлаш, ўзи хўш кўрган нарсани ўзгага ҳам раво кўриш, ҳеч кимга зарар бермаслик каби ўзида юксак инсоний фазилатларни мужассам этган таълим-тарбия, одоб-ахлоқ, буларнинг барчаси ислом динининг асосий тамойили ҳисобланади. Дарҳақиқат, мазкур инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган шахс ҳақиқий мусулмон бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишини таьрифлаб шундай дедилар: “Ҳақиқий мусулмон, мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир”.

Абу Мусо розиаллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ (сав) дедилар, “Кимки қилган ёмон ишларидан хафа бўлиб, яхшиликларидан хурсанд бўлса, у ҳақиқий мўмин кишидир” [1.559].

Мазкур ҳадисда ҳақиқий инсоний фазилатлардан бири эслатилмоқда. Инсон ўзининг қилган яхши амали билан хурсанд бўлмоқлиги ва ёмон ишларидан пушаймон бўлиши бу унинг ҳақиқий мўминлигидан далолатдир. Бундай ахлоқий фазилатлар эгаси, жамиятда ўзгага зиён қилмайдиган ва фақат яхши амал, эзгу ишларни бажариш ҳаракатида юрадиган инсонлар бўлиб, том маънода юксак маънавиятли етук шахс сифатида бўлган комил инсонларга айтилади.

«Ислом» сўзининг маъноси Аллоҳга бўйсуниш, итоатни билдириб, унинг ўзаги тинчлик, сулҳ маъносидан олинган. Аллоҳ таоло ислом динини нозил қилиш билан одамларга бемисл меҳрибончилигини ато қилган, буйруқларига бўйсунганларга тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида юксак ахлоқ асосларига риоя қилишга, шайтоннинг йўлидан юрмасликка - зулм қилмасликка чақиради: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» [2.1/208]. Қуръони карим таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир хатти-ҳаракати учун Парвардигори олдида масъулдир, у адолатпарварлик ва раҳм-шафқат кўрсатиши, мусулмон ёки номусулмонлигидан қатъий назар, барча одамларга эзгулик олиб бориши, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаши ва ҳимоя қилиши, бошқаларни «ер юзида бузғунчилик» қилишдан қайтариши керак. Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, хунрезлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлардан саналади. Қуръони каримда мусулмонларга шундай хабар берилган: «Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» [2.1/205]. Ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни шундай огоҳлантиради: «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» [2.3/32]. «Бошқа бировни ўлдирмаган ва бузғунчилик қилмаган» одамни ўлдирган киши бутун инсониятни ўлдиришга тенг улкан гуноҳни қилган бўлади. Мутлақо равшанки, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган террорчиларнинг гуноҳи бениҳоядир. Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Бундан ташқари мусулмонлар Парвардигорлари олдида бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга масъулдирлар. Ҳар бир иймонли кишининг бурчи – «ер юзида бузғунчиликка» йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осайишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат. Аллоҳ таоло ер юзида ёвузлик қилмасликка буюради ҳамда ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди. Аллоҳ таолонинг ана шу буйруқларига бўйсунмаслик йўлини тутган кимсаларни Қуръони карим «Шайтоннинг изидан эргашганлар» деб атайди.

Бугунги глобаллашув жараёнида биз ёшлар турли-хил маънавий таҳдидларга жавоб беришда, авваламбор уларга нисбатан муносабат билидириш учун ички иммунитетни шакллантиришимиз лозим. Бу борада Президентимиз И.Каримов шундай деб айтганлар: “Биз ҳам фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун, таъбир жоиз бўлса, аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Токи ёшларимиз миллий ўзлигини, шу билан бирга, Дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин. Ана шунда жоҳил ақидапарастларнинг «даъ-вати» ҳам, ахлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялар ҳам уларга ўз таъсирини ўтказа олмайди” [3.120].

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, тинчлик ва тотувлик деб аталмиш олий неъмат қадрига етиш, унинг шукронасини қилиб, бу буюк неъматларни асраб авайлашимиз лозим бўлади. Шу билан бирга барча инсонлар бир-бирини қадрига етиб миллати, диний эътиқодидан қатъий назар барча ҳамжиҳат бўлиб, тинчлик шиори остида бирлашмоқлари энг буюк амаллардан ҳисобланади.


Адабиётлар:

  1. Абд ибн Ҳумайд ибн Наср Кеший. Муснад Абд ибн Ҳумайд. /муҳаққиқ Субҳий Бадрий ас-Сомроний ва Маҳмуд Муҳаммад Халил Саиъдий/. Қоҳира, Мактабату-с-сунна. 1408/1988.

  2. Абдулаиз Мансур. Қурони карим маъноларининг таржимаси. Т.: 2001.

  3. Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.: Маънавият, 2008.

  4. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қўрамиз. 7-жилд. –Т.:"Ўзбекистон",1999.