Евразийский
научный
журнал

IХ-XIII асрларда Самарқанд атрофидаги қишлоқларнинг илмий муҳити

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Daurbekova Iroda
Рубрика: Исторические науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №4 2017»  (апрель, 2017)
Количество просмотров статьи: 1273
Показать PDF версию IХ-XIII асрларда Самарқанд атрофидаги қишлоқларнинг илмий муҳити

Iroda Daurbekova

РЕЗЮМЕ

Ушбу мақола IХ-XIII асрларда Самарқанд шаҳри атрофидаги қишлоқларда яшаб ижод қилган, шунингдек, ҳадис, фиқҳ, калом илмининг ривожланишига ҳисса қўшган алломаларнинг илмий мероси ҳақида.

Таянч сўзлар: фарсах, Вазор, работ, расотиқ.

In this article described great scholars and they heritages who lived Samarkand and its villages at the century of IX-XII. Who added to develop of knowladge of Hadith, Fiqh and theology of Islam.

Key words: farsax, Vazor, rabat, rasotiq.

IX-XIII асрларда Самарқанд шаҳрида илм-фаннинг турли соҳалари қатори ҳадис илми ҳам ривожланди. Ҳадис илмининг ривожланиш жараёнида ўз даврининг бир қанча етук муҳаддис алломаларини етишиб чиқиши бу ерда ҳадис илми мактабларини шаклланишига катта замин яратди. Бу мактабларда етук муҳаддис олиму фузалолар жамланиб, ҳадис илми борасида баҳс мунозаралар олиб борган ва бу илмнинг аҳамиятли жиҳатларини ёритиб беришган. Бу нарса аста секинлик билан Самарқанд атрофидаги шаҳар ва қишлоқларга ҳам кўчиб ўтади. Бу билан қишлоқ аҳолисининг илмий саводхонлик даражасига ижобий таъсирини кўрсата бошлайди. Натижада шаҳар атрофидаги Вазор, Варсанон, Варағсар, Варқуд ва Возз каби бирқанча қўрғон ва қишлоқлардан ҳам кўплаб фақиҳ ва ҳадис ровийлари етишиб чиқади.

Самарқанд шаҳридан тўрт фарсах ўзоқликда жойлашган «Вазор» қўрғони атрофи тоғ ва адирлардан ташкил топган гўзал табиати ва баҳаво иқлими билан алоҳида ажралиб турган. Қўрғон аҳолисининг аксарияти асосан қўрғон атрофидаги ерларда боғдорчилик ва зироатчилик қилиш билан шуғулланган. Қўрғони ичида аҳоли тарафидан баланд иморатлар, расотиқ ва жомеъ масжид барпо этилган. Масжидда ибодат адо этилгандан сўнг илми толиблар халқа бўлиб, шариат ва ҳадис илмларини ўрганган. Натижада катта бир илмий муҳит яратилган бўлиб, унда Вазорий нисбаси билан ижод қилган бир қанча фақиҳ ва ҳадис ровийлари етишиб чиққан. Улардан;

Сибоъ Вазорий. Алломанинг тўлиқ исми Абу Музаҳҳим Сибоъ ибн Назир ибн Масъада ибн Бужайр ибн Назир ибн Ҳубайб (Ҳабиб) ибн Абдуллоҳ...... Бакрий Вазорий. Аллома Самарқанд шаҳрининг улуғ мартабали давлат арбоб ва афзал кишиларидан бири бўлган. У ўзининг юксак фазилати, диёнати, илми фозил, маърифатли, қатъиятли, покиза инсон улуғ сифатида танилиб, улуғланган. Алломанинг бир қанча ажойиб асарлар яратган бўлиб, аммо улар бугунги кунда мавжуд эмас. Сибоъ Вазорий мол-мулкидан катта вақф ажратган [7: 571]. Унинг устозлари Яҳё ибн Маъин ва Али ибн Абдуллоҳ ибн Маданиялардан илм ўрганиб, улардан ҳадис эшитган. Ўз навбатида Сибоъ Вазорийдан Абу Исо Термизий [10: 3605], Муҳаммад ибн Исҳоқ Самарқандий, Ҳасан ибн Али ибн Наср ат-Тусий, Муҳаммад ибн Мунзир ал-Ҳирави каби бошқа муҳаддис алломалар ҳам ҳадис ривоят қилишган [6: 3605; 86]. Наср ибн Аҳмад ибн Асад ибн Сомон Абу Ҳасан ҳижрий 231-279 йиллар Самарқанд шаҳрига ҳоким бўлиб келган. Мана шу йилларда Самарқандлик бир қанча алломалар ундан ҳадис ривоят қилган. У эса Абдуллоҳ ибн Абу Аъроба, Сибоъ ибн Назр Вазорий ва унинг отаси Назр ибн Масъада ал-Вазорий ҳамда бошқа муҳаддис алломалардан ҳадис ривоят қилган [5: 122].

Сибоъ Вазорий Вазор қишлоғида масжид барпо қилдирган. Аллома Ироқ шаҳридан ҳижрий 200/815 йил қайтиб келган ва ҳижрий жумаду-л- аввал 209/824 йил сентябрь ойида вафот этган. Сибоъ Вазорийнинг қабри Вазор қишлоғининг қўйи пастлигидаги жойлашган масжид ёнига дафн қилинган [7: 581].

Али Вазорий. Алломанинг тўлиқ исми Абу Ҳасан Али ибн Умар Тақий ибн Кулсум ибн Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқандий Вазорий. Абу Бакр Аҳмад ибн Исмоил ибн Амир Самарқандий, Абу Ҳомид Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Довуд Марвазий Тажир, Аҳмад ибн Али Мақро ва бошқа алломалардан ҳадис ривоят қилган. Алломадан бир неча муҳаддис уламолар ҳадис ривоят қилишган [9: 251]. Салмо ибн Ҳус Дабусий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Сура Термизийлар алломадан ҳадис ривоят қилган Алломанинг ўғли Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Умар Вазорий Муъаддиб ва Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шаҳин Форсий ва бошқалар ҳам ҳадис ривоят қилишган [7: 140].

Абу Бакр Вазорий. Аллома Абу Ҳасан Али ибн Умар Вазорийнинг ўғли Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Умар Вазорий бўлиб, одоб-ахлоқ, тарбияси билан бошқалардан ажралиб турган. У отаси ва бошқа Самарқандлик бир қанча алломалардан ҳадис ривоят қилган

Муҳаммад Вазорий. Алломанинг тўлиқ исми Абу Али Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Абдуллоҳ ибн Ҳинод ибн Ваниф Вазорий. Аллома Вазор қишлоғининг ҳокими бўлиб, ҳадис илми билан ҳам шуғулланган. Аллома Абу Амр Муҳаммад ибн Ҳатим ибн Абдураҳмон Вазорийдан ҳадис ривоят қилган бўлиб, Муҳаммад Вазорийдан Абу Саъад каби бошқа уламолар ҳадис ҳадис ривоят қилган [7: 88].

Муҳаммад Вазорий. Алломанинг тўлиқ исми Абу Амр Муҳаммад ибн Ҳатим ибн Абдураҳмон Вазорий. Абу Амр фиқҳ, ҳадис илми борасида етук илм соҳиби бўлиб, Умар Насафийдан таълим олган. Муҳаммад ибн Ҳомид ибн Муҳаммад ибн Ҳамид Харуънийдан ҳадис ривоят қилган. Абу Али Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Абдуллоҳ ибн Ҳинод ибн Ваниф Вазорий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Сиббоъ ибн Назр ибн Масъада Вазорий каби муҳаддис алломалар алломадан ҳадис ривоят қилган. Шунингдек аллома отаси ва Амир Наср ибн Аҳмад ибн Асад, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқандий каби ва бошқа муҳаддис алломалардан ҳам ҳадис ривоят қилган. Муҳаммад Вазорий ҳижрий рамазон ойининг 290/904 йилда вафот этган [7: 582].

Аҳмад Вазорий. (ваф.503/1110й). Алломанинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Абдулллоҳ ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Солиҳ Вазорий. Вазор қишлоғининг Имом-хатиби, солиҳ, тақводор киши бўлган. Абу Ҳафс Умар ибн Мансур ибн Ҳабиб ал-Ҳафиз ва бошқа уламолардан ҳадис ривоят қилган. Умар Насафий «Менинг қўшниларимдан бири бўлиб, мажлисларимда ёзиб ўтирарди» ҳижрий 503/1110й Бароат кечаси Самарқандда оламдан ўтди ва Янги Намозгоҳдаги Санкдийзастондаги қабристонга дафн қилинди [7: 582] — деб аллома ҳақида хотирлаб ёзган.

Абу Исҳоқ Иброҳим. Вазор қишлоғида фақиҳ, калом, муҳаддис алломалар каби бир қанча тарих илми билан шуғулланган уламолар мавжуд бўлган. Улардан бири Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Солиҳ Ҳатиб Самарқандий Вазорий [2: 369]. Аллома Аҳмад Вазорийнинг ўғли бўлиб, Вазор қишлоғининг нотиғи, хушфеълли, инсонпарвар, кўнгли очиқ, солиҳ, тақводор киши бўлган. Отаси ва Абулқосим Абдуллоҳ ибн Умар Кошоний, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Бадлий каби бошқа муҳаддислардан ҳадис эшитган. Алломани Самарқандда учратган пайтим ва Вазор қишлоғида унинг уйида бир кеча тунаб қолган кун у кишидан ҳадис ёзиб олганман [7: 582]. Аллома ҳижрий 487/1089 йилда Вазор қишлоғида туғилган [2: 294]. Аллома нечанчи йилда вафот қилгани ҳақида тўлиқ маълумотлар манбаларда учрамади.

ВАРСАНИН

Самарқанд маҳаллаларидан бири Варсанон, Варсанин деган номлар билан аталган бўлиб, у Туз мавзесидан уч фарсах ўзоқликда жойлашган. Унда Варсаниний нисбасига мансуб бир қанча фақиҳ, каломшунос, муҳаддис ва бошқа илми фозилу алломалар етишиб чиққан. Улардан:

Бакр Варсаниний. Абу Аҳмад Бакр ибн Муҳаммад ибн Малик ибн Жамиъ ибн Абдураҳмон ибн Фарқад Санжий Варсининий. Самъоний «Абу Аҳмад Самарқанд қишлоқларидан бири Варсанон қишлоғидан бўлсада „Варсаниний“ „Санжий“ нисбалари келтирилган [1: 77] » - деб алломанинг таржимаи ҳоли ҳақида юқоридаги маълумотларни келтирган. Аллома Самарқандда кўзга кўринган фақиҳ, мунозарачи, соҳиб ал-раъй вакили ва етук олим бўлганлиги учун алломани бутун Варсанин қишлоғининг аҳолиси таниган [7: 590]. Унинг ҳадис илмини ўргатиш учун жойи ва ўз даврининг етук алломаларини жамлаган мунозара ҳалқаси мавжуд эди. Унда аллома фиқҳ, ҳадис, калом, дунёвий илмлар борасида ўз даврининг фақиҳ, илмли фозиллари билан мажлисда баҳс- мунозаралар олиб боришган ва илми толиблар ҳадис тинглашган. Аллома отаси ва Фатҳ ибн Убайд Каробисий, Аббос ибн Фазл ибн Яҳё ибн Надбий, Абу Аҳмад Ҳамид Аҳмад ибн Муҳаммад Иброҳим ибн Наср ибн Анбар Самарқандлик ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Абу Аҳмаднинг ўғли Муҳаммад ибн Бакр Санжий отасидан ҳадис ривоят қилган. Абу Убайда, Абу Абдураҳмон ибн Абу Лайс Фатҳ ибн Самарқандий, Робиъ ибн Ҳасан Кеший, шунингдек, Самарқанд ва Бухоро аҳлидан бошқа муҳаддислар ҳам алломадан ҳадис ривоят қилишган [1: 132]. Аллома ҳижрий 352/963 йил Бухорода вафот қилади ва тобути Самарқандга олиб келиниб, дафн қилинади [7: 140].

Муҳаммад ибн Иброҳим Варсанин. Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Хаттоб Тузий Варсаниний. Алломанинг келиб чиқиш нисбаси Варсанинга бориб тақалсада, Самарқанддан уч фарсах ўзоқликда жойлашган Туз қишлоғига кўчиб ўтган ва шу ерда яшаб ижод қилган. Иброҳим ибн Хаттоб Тузий Варсаниний Аббос ибн Фазл ибн Яҳё ибн Надбий, Муҳаммад ибн Ғолиб, Аҳмад ибн Бакр, Абу Жаъфар Муҳаммад Маккий ибн Назр Навоий ва бошқа муҳаддис алломалардан ҳадис ривоят қилган [2: 279]. Алломанинг вафоти ҳақида аниқ бир маълумот манбаларда учрамади.

Аҳмад Варсаниний, Луқмон ибн Муҳаммад Хуззоф Варсининий, Абдуллоҳ ибн Варсаниний каби бу нисба билан ижод қилган бир қанча муҳаддис, фақиҳ алломалар бўлиб, булар ҳақида кўпроқ маълумотлар учратмаганлигимиз, сабабли уларни исмлари келтирилди холос.

ВАРАҒСАР

Варағсар Самарқанддан тўрт-беш фарсах ўзоқликда жойлашган мана шу нисба билан машҳур бўлган қишлоқларидан бири ҳисобланган. Унда;

Иброҳим Варағсарий. Алломанинг тўлиқ исми Абу Аббос Иброҳим ибн Мусо Ҳилол Варағсарий. Аллома асли Марвда бўлиб, Варағсар қишлоғида яшаган. Аллома ҳадисларни тўғри, бехато ривоят қилган ровийлардан бири бўлган. Иброҳим Варағсарийдан Аббос ибн Абдуллоҳ Тарқафий, Зиёд ибн Айюб Тусий, Али ибн Ҳошим Марвазий ва бошқа алломалар ҳадис ривоят қилишган [7: 592].

Яҳё Варағсарий. Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Субайҳ Варағсарий. Аллома Варағсар работини бошқарувчи кишиси, хулқи чиройли, обид, зоҳид, асарлари ажойиб, таъсирли йўсинда ёзилган тақводор киши бўлган. Алломдан Умар ибн Ёқуб Ғозирий, Усома ибн Масъуд, Тамим ибн Абдуллоҳ Каробисий каби бошқа муҳаддис уламолар ҳам ҳадис ривоят қилишган. Аллома ҳижрий Роббиъул аввал ойининг охирида 230/845 йил вафот этган [7: 592].

Юсуф Варағсарий. Аллома мулойим, кўзи ожиз, тарбиячи устоз бўлиб, бир қанча муҳаддис алломалардан ҳадис ривоят қилган. Юсуф Варағсарийдан эса, фақиҳ Саъад ибн Муоз Марвазий ундан Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Шоҳ Самарқандий ва бошқа муҳаддислардан ривоят қилишган [7: 592]. Алломанинг вафоти, таржимаи ҳоли ҳақида бошқа манбаларда маълумотлар келтирилмаган.

ВАРҚУД

Самарқандга яқин жойлашган Карминия шаҳри бўлиб, унинг қишлоқларидан бири Варқудий деб номланган. Бу нисба жуда машҳур бўлиб, бу нисба билан бир қанча ҳадис, фақиҳ, калом илмининг етук қомусий алломалар етишиб чиққан улардан бири;

Аҳмад Варқудий. Абу Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳфуз Варақудий Карминий. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фарабрийдан Саҳиҳ ал-Бухорийни ёд олган ва Карминия шаҳрида айтиб берган. Абу Наср Аҳмад ибн Абу Бакр ибн Абу Убайд Хатиб Хадманканийнинг келтирган маълумотига кўра, «Алломоларнинг таржимаи ҳолини яхши билган қомусий аллома Абдулазиз ибн Муҳаммад Нахшабий Ҳижрий 360/971 йиллар Рамазон ойининг бошларида Карминия шаҳрида бўлган пайтим Фаробрий Саҳиҳ ал-Бухорийни ўкиб турганди Абу Аҳмад эса, уни эшитиб турганди. Аммо уни Абу Аҳмад Варқудий эканлигини билмагандим. Абу Аҳмад Фарабрийдан Саҳиҳ ал-Бухорийни эшитиб ёд олиб, ундан отаси ва Хадманканий ҳам эшитиб, ҳадис ривоят қилишган. Шунингдек, Бухоролик уламолардан бобосидан ҳадис ёзиб олаётганлигини ҳам кўргандим. Имом Бухорийнинг „Латиф сўзлар“ китобидан ва отасидан ва Фаробрийдан эшитганларини танлаб, алоҳида тўплам қилган» [3: 223; 592] — деб айтади. Алломадан бир қанча муҳаддис алломалар ҳадис ривоят қилган, улардан эса ўз навбватида бошқа уламолар ҳам ривоят қилишган.

Самарқанддан тўрт фарсах ўзоқлик масофада жойлашган аншундай қишлоқлардан бири «Возз» қишлоғидир. Бу қишлоқдан ҳам ҳадис ровийлари етишиб чиққан.

Исҳоқ ал-Воззий — Абу Муҳаммад Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Воззий. Абуҳафс Амр ибн Ҳафс ал-Баҳлий, Саид ибн Ҳошим ал-Коғазий, Савваба ибн Даҳим ал-Басрий, Муҳаммад ибн Саҳл ибн Ҳаммод ал-Жазирий, Абу Шуайб ал-Ҳиронийлар алломадан ҳадис ривоят қилишган. Бу алломалардан Бакр ибн Масъуд ибн Ҳасан ибн Варрод ал-Фаранкадий каби бошқа муҳаддис уламолар ҳадис ривоят қилган [7: 561].

Юқорида Возз, Вазор, Варсанон, Варағсар, Варқуд, қишлоқларида туғилиб ўсган ва шу нисба остида илмий фаолиятини олиб борган алломаларнинг айримларинигина номи, устози ва шогирдлари ҳақида қисқача маълумотлар келтириб ўтдик. Бу алломалар ҳаёти ва уларнинг ҳадис, калом, фиқҳ илми ҳамда ҳадис мактабининг ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотларни келтиришимиздан мақсад, бугунги кунда юртимиздан чиққан алломаларнинг илмий мероси устида чуқур изланишлар олиб борилиб, ёш авлодни тарбиялашда уларнинг бизга қолдирган маънавий меросининг аҳамиятли жиҳатларини ёритиб беришдан иборат.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. ал- Жавоҳир ал-музойиъа фи тобақоти ал-ҳанафия Ж.1, Б-132.
  2. Ёқут ал- Ҳумавий Муъжам ал-булдон Ли Ж.4- Б.294
  3. Имом Заҳабий Тарих ал-Ислам Ж.30, Б-223 ; Самъоний ал- Ансоб Ж.2, Б-332 ; Ж.5. Б.592 — Байрут. Дор ал-фикр, 1998.
  4. Китабу муъжами ал-булдон, Ж.5, Б-424; Самъоний ал- Ансоб Ж.5 — Байрут. Дор ал-фикр, 1998.-Б.571
  5. Муҳаммад ал-Боғдодий Такалламату ал-икмал Ж.3 Б.122.
  6. Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдураззоқ Ҳусуйний, Абу Файз. Тарих ал-арус мин жаваҳиру ал-қомус Ж.1 Б-3605. Самъоний. Ансоб. Ж.13. — Байрут. Дору-л-фикр, 1998. — Б. 86; http://www.ahlalhdeeth.com: http://www.alwarraq.com
  7. Самъоний ал- Ансоб Ж.13 — Байрут. Дор ал-фикр, 1998.-Б.140
  8. Таадж ал-аруус Ж.1 Б.3605
  9. Таҳзиб ал-калом Ж.26 — Б.251