Евразийский
научный
журнал
Заявка на публикацию

Срочная публикация научной статьи

+7 995 770 98 40
+7 995 202 54 42
info@journalpro.ru

Иқтисодий таълимотлар ва фалсафада билиш функцияларнинг бирлиги ва фарқларининг айрим жиҳатлари

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Айсачев Абдулфотих
Рубрика: Философские науки
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №7 2018»  (июль, 2018)
Количество просмотров статьи: 1901
Показать PDF версию Иқтисодий таълимотлар ва фалсафада билиш функцияларнинг бирлиги ва фарқларининг айрим жиҳатлари

А.Айсачев
Андижон машинасозлик институти ассистенти

Ушбу мақолада XVII асрдан яъни биринчи инқилоб давриданоқ фалсафадан мустақил фанлар ажралиб чиқабошлаганлигини ва улар орасида тадқиқот объекти иқтисодиёт ҳисобланган таълимотлар ҳам пайдо бўлганлиги таъкидланади.

В этой статье подчеркивается, что в XVII веке, начиная с первой революции, независимая философия была отделена и что объектом исследования является экономика.

This article emphasizes that in the 17th century, since the first revolution, independent philosophy was separated and that the subject of research is the economy.

Маълумки, XVII асрдан — биринчи илмий инқилоб давриданоқ фалсафадан мустақил фанлар ажралиб чиқа бошлади. Улар орасида тадқиқот объекти иқтисодиёт ҳисобланган таълимотлар ҳам пайдо бўлди. Иқтисодиёт одамларнинг моддий эхтиёжларини қондиришга қаратилган товарлар, предметлар ишлаб чиқариш ва ҳизматлар кўрсатиш, уларни тақсимлаш, айирбошлаш ва улардан фойдаланиш бўлгани учун иқтисодчилар ҳам, файласуфлар хам унга жиддий эътиборни қаратдилар.

Иқтисодий эхтиёжларни ва ишлаб чикаришнинг ривожланиши билан боғлиқ эхтиёжларни доим иқтисодий назария ва фалсафа биргаликда ўрганиб келади. Бу ерда эхтиёжни ифодалашнинг икки шакли — фалсафий ва иқтисодий шакллари тўқнашади ва ўзаро таъсирга киришади. Маълумки, иқтисодий эхтиёжлар иқтисодий зарурият тарзида намоён бўлади. Озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, харакатланиш воситалари, рўзғор анжомларига эхтиёж шулар жумласидан. Ушбу эхтиёжлар ҳам ижтимоий (уларни фалсафа ўрганади), ҳам иқтисодий (уларни иқтисодий назария тадқиқ қилади) ўрганиш объектини ташкил этади [1].

Шу билан бирга, инсонларнинг автомобиль, модали кийим-кечакка (хозирги ёшларда буни фарқлаш қийин, чунки уларнинг ҳаммаси мода бўйича кийинади) бўлган эҳтиёжлар ижтимоий, ҳаётда озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жойга бўлган эҳтиёж­лар эса — иқтисодий хусусиятга эга, деган фикрига қўшилиб бўлмайди. Ҳақиқатдан ҳам қайд этилган эхтиёжларнинг барчаси ягона ижтимоий-иқтисодий хусусиятга эга, фақат уларни тадқиқ қилишга фалсафа ва иқтисодий назария ҳар бири ўз нуқтаи назаридан ёндашади.

Ишлаб чиқариш кучлари ва ишлаб чиқариш муносабатлари, ишлаб чиқариш усули ва мулкчилик муносабатлари ҳам жамият иқтисодий хаётини тадқиқ қилишнинг иккала шакллари учун «уму­мий» ҳисобланади. Хуллас, ушбу икки фаннинг тадқиқот йўллари доим ўзаро кесишади, чунки улар айни бир объект — иқтисодиётни тадқиқ килади.

Айни вақтда, фалсафа ва иқтисодий назария ушбу тадқиқот объектини тахлил қилишга хар хил нуктаи назардан ёндашади. Чунончи, иқтисодий таълимот ишлаб чиқариш ривожланишининг иқтисодий хусусиятларини тадқиқ қилади, одамлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ёритади, уларнинг иқтисодий манфаатларини, иқтисодий эхтиёжларини қондириш йўллари ва усулларини асослашга харакат қилади. Фалсафа эса жамият ривожланишининг моддий, иқтисодий асосларини инкор этмаган ҳолда, унинг ижтимоий томонини аниқлаш вазифасини ўз олдига қўяди.

Шу сабабли, А.Смитдан бошлаб, иқтисодий таълимот (ўша даврда сиёсий иқтисод) ўзининг асосий эътиборини жамият ривожланишининг иқтисодий асосларини тадқиқ қилишга, фалсафа эса — унинг ижтимоий асосларини ўрганишга қаратади.

Буни мазкур икки таълимотнинг деярли бир даврда яшаган атоқли вакиллари — иқтисодчи Адам Смит ва файласуф Георг Гегел мисолида кўриб чиқамиз. А.Смит илмий асослаб берган сиёсий иқтисод иқтисодий таълимотнинг ривожланишига қўшилган катта ҳисса бўлди. Унинг замирида ётувчи қийматнинг меҳнат назарияси («меҳнат жамияти назарияси») одамлар ўртасида ижтимоий алоқалар меҳнатнинг ижтимоий тақсимоти асосида, улар ўз меҳнати меваларини айирбошлаши орқали ўрнатилади, бунда одамлар иқтисодий фаолиятининг асосий мотиви меҳнат ҳисобланади, деган фикрдан келиб чиқади. Смит инсон ва меҳнат ўзаро алоқасининг қуйидаги тамойилидан келиб чиқади: ҳар ким ўзи учун ишлар экан, бошқалар учун ишлашга ҳам мажбур бўлади ва аксинча, бошқалар учун ишлар экан, ҳар ким ўзи учун ҳам ишлайди. Бинобарин, инсон яҳши яшашга интилишининг асосий шарти ва жамият равнақининг манбаи меҳнат ҳисобланади. А.Смит жамият равнақининг уч асосий шартини қайд этди: хусусий мулкнинг мавжудлиги, иқтисодиётга давлатнинг аралашмаслиги ва шахсий ташаббус ривожланиши учун ғовларнинг йўқлиги. Смитнинг жамият синфий тузилишини тушуниши у яратган иқтисодий назариянинг муҳим жиҳатидир. Унга асосланиб, Смит уч асосий синфни: ёлланма ишчилар, капиталистлар ва йирик ер эгалари синфларини қайд этади. Бунда ёлланма ишчиларнинг иқтисодий манфаатлари капиталистлар ва йирик ер эгаларининг манфаатларига зиддир.

Фукаролик жамияти назариясини ишлаб чиққан Гегель таълимотида фалсафий оханг кучлирок. Агар Смит ижтимоий ходисалар таҳдилида асосий эътиборни иқтисодий хусусиятга эга муаммоларга қаратган бўлса, Гегелнинг диққат марказида ижтимоий аҳамиятга молик муаммолар туради. Жамиятнинг ривожланишини у диалектик метод ёрдамида таърифлайди. Смитдан фарқли ўлароқ Гегель моддий ва маънавий дунёга қотиб қолган нарса деб эмас, балки муттасил ўзгарувчи ва ривожланувчи жараён деб қарайди. Гегель биринчи бўлиб «фуқаролик жамияти» тушунчасини ишлаб чиқди, унга "умумий боғлиқлик тизими« [2] деб таъриф берди, унда «бир кишининг тирикчилиги, фаровонлиги ва хуқуқий жиҳатдан мавжудлиги барчанинг тирикчилиги ва фаровонлиги билан узвий боғланади, шуларга асосланади ва фақат ана шу боғликдикда хақиқий ва таъминланган бў­лади»1, деб қайд этди. Шу ерда икки буюк мутафаккирнинг ушбу таълимотларини солиштириб, уларнинг жамият (яъни айни бир тадқиқот объекти) талқини айрим масалалар бўйича мос келади, айрим муаммолар бўйича эса мос келмайди, деган хулоса чиқариш мумкин.

Уларнинг мехнатнинг роли ва унинг ижтимоий тақсимотдаги ахамияти ҳақидаги фикр-мулохазалари бир-бирига мос келади. Аммо Смит, Гегелдан фарқли ўлароқ диалектикани деярли тадқиқ қилмайди, Бу XIX асрнинг иккинчи ярмидаёқ Смитнинг баъзи бир коидаларига тузатиш киритиш, айримларини эса бутунлай қайта кўришни тақозо этди.

Смитнинг ҳизмати шундаки, у ўз иқтисодий таълимотини асослаш жараёнида ижтимоий ишлаб чиқаришнинг ягона ва хақиқий мезони меҳнат эканини биринчи бўлиб илмий жиҳатдан асослаб берди, барча замонларда ва барча жойларда барча товарларни меҳнатга қараб баҳолаш ва уларнинг қийматини солиштириш мумкинлигини қайд этди [3]. Лекин у бу ерда ишлаб чиқариш кучлари ва ишлаб чиқариш муносабатлари диалектикасига, ишлаб чиқариш усулининг вужудга келиши ва ривожланиши диалектикасига фақат яқинлашди, аммо уни ёритиб бермади.

XIX аср охири — XX аср бошида фалсафий ва иқтисодий таъли- мотларнинг ажралиш жараёни кучайди. Янги, соф иқтисодий назариялар, чунончи: Э.Бем-Баверкнинг ўта фойдалилик назарияси, М.Фридменнинг монетаристик назарияси, Ж.Кейнснинг иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солиниши назарияси вужудга келди.

Ҳозирги замон ижтимоий-иқтисодий фанида индустриал, пост­индустриал ва ахборот жамияти концепцияларига алоҳида эътибор берилади. Ушбу жамиятларнинг вужудга келиши товар ишлаб чиқарувчи иктисодиётдан ҳизмат кўрсатувчи иқтисодиётга ўтилиши, жамиятнинг синфий бўлиниши ўрнига касбий бўлинишга келиши билан тавсифланади. Шу ўринда америкалик машхур сиёсатшунос З.Бжезинский (1928 й. туғилган) номини тилга олиш мумкин. У «постин­дустриал жамият» назариясининг вариантларидан бирини таҳлил қилиб, жамиятни ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техник модернизация қилишни унинг «америкалашуви» билан бир деб ҳисоблайди ва янги «интеллектуал элита» вужудга келишини асослайди.

Яна бир америкалик социолог Д.Белл ўзининг «Келажак пост­индустриал жамияти» (1973) китобида янги жамиятда соф капиталистлар ўрнига маълумот ва билим даражаси билан фарқ қиладиган хукмрон элита келади деб қайд этади.

Иқтисодий таълимотлар ва фалсафада билиш функцияларининг бирлиги ва фарқларининг айрим жиҳатлари ана шулардан иборат. Умуман олганда, улар ҳам, булар ҳам, ҳар бири ўзича қуйидаги умумий хулосаларга келади:

• агар жамият муттасил равишда моддий неъматлар ишлаб чиқармаса, у мавжуд бўла олмайди;

• иқтисодий эхтиёжлар ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш эҳтиёжлари ижтимоий ишлаб чикқаришнинг энг муҳим манбалари ҳисобланади;

• жамиятнинг иқтисодий ҳаётини билиш жараёнида унинг объек­тив омиллари (ишлаб чикариш жараёнида объектив иқтисодий қонунларнинг амал қилиши; ишлаб чиқариш кучлари ва ишлаб чиқариш муносабатларининг ўзаро таъсири, бунда уларнинг биринчиси иккинчисига мос келиши керак; жамият маънавий хаётининг ривожланиши учун зарур моддий шарт-шароитлар яратилиши ва бошк.) ҳам, субъектив омиллари (жамият ва муайян шахснинг иқтисодий манфаатлари, одамлар иқтисодий онгининг шаклланиши ва бошқ) хам ҳисобга олиниши керак.

Хуллас, жамиятнинг иқтисодий ҳаёти фақат объектив ва субъек­тив омилларнинг ўзаро таъсирида мавжуд бўлиши мумкин.

Ссылки

  1. Философия Под ред. В.Н. Лавриненко, В.П. Ратникова. — М., 2000. с. 405-406
  2. Человек и общество. — М.. 1993. с. 2
  3. Смит А. Исследование о природе и причинах богатства народов. — М. 1962 с 194.