Евразийский
научный
журнал
Заявка на публикацию

Срочная публикация научной статьи

+7 995 770 98 40
+7 995 202 54 42
info@journalpro.ru

Ҳамлет монологи ва унинг таржималари хакида

Поделитесь статьей с друзьями:
Автор(ы): Буранова Лола Уктамовна
Рубрика: Культурология
Журнал: «Евразийский Научный Журнал №5 2016»  (май)
Количество просмотров статьи: 3830
Показать PDF версию Ҳамлет монологи ва унинг таржималари хакида

Буранова Лола Уктамовна(Термиз, Узбекистон)



Бу йил 23 апрелда жаҳон адабиётининг буюк номаяндаси, машҳур инглиз драматурги Уильям Шекспир таваллуд топганига 452 йил тўлди.

Шекспир Англиянинг Стрэтфорд шаҳарчасида хунарманд оиласида дунёга келди. Дастлаб саводини у маҳаллий “Граммматика мактаби”да олади. Отасининг иши касодга учрагач, ўқишни ташлаб ўзи ҳам унинг ёнида ишлай бошлайди. Шекспир 1587 йилда Лондонга келади ва театрлардан бирида аввал суфлёр, сўнгра актёр, кейинроқ эса драматург ва режиссёр вазифаларида фаолият кўрсатади.

Адиб театрдаги фаолияти давомида даставвал ўзга муаллифларнинг пьесаларини қайта ишлаб, уларни мазмунан бойитган ҳолда саҳнага қўйиб юрган бўлса, кейинчалик ўзи ҳам мустақил пьесалар ёзишга тутинади. 1599 йилда у янги очилган “Глобус” номли театрга ишга ўтади. Санъаткор ижодининг кейинги ва энг гуллаган даври шу театр билан боғлангандир.

1612 йилда Лондондан ўзи туғилиб ўсган она шаҳри Стрэтфордга кўчиб келган Шеспир ижод билан бошқа шуғулланмай қўяди. Чунки, бу даврга келиб, Англияда феодал реакцияси кучайган, аристократик руҳдаги драматургия устунликни қўлга олиб, реалистик, яъни халқчил асарларни саҳнадан сиқиб чиқармоқда эди. Шекспирнинг ёзмай қўйишига асосий сабаблардан бири ҳам шу бўлганди. Адиб 1616 йилнинг 23 апрелида Стрэтфордда вафот этади.

Шекспир ижодида юз берган катта ўзгаришларни ифодаловчи энг йирик асари “Ҳамлет” трагедиясидир. Трагедиянинг бош қаҳрамони Дания шаҳзодаси Ҳамлет отасининг қотили ўз амакиси Клавдий эканини билгач оғир қайғуга ботади. У қотил Клавдийнинг жирканч қиёфаси, мунофиқлигини фош этиб, ундан қасос олиш ўз зиммасига тушганини англайди. Бўлиб ўтган даҳшатли воқеалар уни адолатсизликлар ва бузилган муҳитга қарши курашга отлантиради. У узоқ вақт ўзи билан, ўзидаги чигал, мураккаб хаёл ва тушунчалар билан кураш олиб боради. Ўз бошига тушган ғам-ғусса уни бошқалар бахтсизлигини аниқлашга ҳам мажбур этади.

Шахсий изтироб инсоният қайғуси олдида ўз аҳамиятини йўқотади. Акс ҳолда, у бадбахт Клавдийдан аллақачон қасос олган бўларди. Лекин Ҳамлет шахсий ўч олишдан олдин бошқа кўп муҳим масалалар устида бош қотириши, уларнинг мағзини чақиб кўриши керак эди. Ҳамлет суст, фаолиятсиздек бўлиб кўринса-да, ҳақиқатда у пассив киши эмас. Турмушдаги кескин қарама-қаршиликлар, бир томондан, отасининг ёвузларча ўлдирилиши, иккинчи томондан, Клавдий саройида бўлаётган бузғунчиликлар, ичилган ҳар бир коса майни замбарак отиш билан нишонлаш ва бошқа қабоҳатлар уни жиддий ўйлашга мажбур этади.

“Ҳамлет”нинг шоҳ асар, деб тан олишининг сабаби унда жамиятнинг энг йирик муаммолари-тарих, давлат, сиёсат, фалсафа, ахлоқ одоб, дин масалаларини қамраб олиниши, барчасининг санъат тили билан инсоннинг руҳий кечинмалари орқали берилишидадир.

“Ҳамлет” трагедияси дастлаб Чўлпон (1934), кейинчалик Шайхзода (1948) ва Жамол Камол (1991) томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, Ҳамза театрида саҳналаштирилди. Шекспирнинг “Ҳамлет”  фожеаси ёзилган ва илк саҳнага қўйилган сана ҳақида аниқ маълумот  сақланмаган. Инглиз  шекспиршуноси Э.К. Чемберснинг тасдиқлашича “Ҳамлет” 1600-1601 йиллар атрофида ёзилган ва саҳналаштирилган. Шу сана адабиёт тарихида тан олиниб келинади. Дарвоқе, жахон адабиётида “Ҳамлет” фожеасидек кўп таржима қилинган машҳур асар топилмаса керак. У хакида уч мингга яқин катта-кичик тадқиқотлар яратилгани ҳақида маълумотлар учрайди.

Масалан, 1748-2003 йиллар бадалида “Ҳамлет” рус тилига 21 марта, ундаги машҳур “Ҳамлет монологи” 34 марта ўгирилган. Ўтган асрда, биз билганимиз “Ҳамлет”нинг таниқли адиб Б. Пастернак ва  сардор таржимон М. Лозинский томонидан ўгирилган нусхалар рус театрлари ва нашриётларини безади, китобхонларга манзур бўлди.

ХХI асрнинг бўсағасида рус шекспиршунослари юқоридаги таржималарни аслиятдан йироқ, асл нусха матни таг маъносини ўзларида тўла-тўкис ифода этолмаган (А. Чернов, И. Шайтанов, С. Николаев ва б.), деган мулоҳаза билан чиқдилар. Ва ниҳоят, 2002 йилда шоир ва таржимон Андрей Чернов томонидан амалга оширилган “Ҳамлет”- нинг янги русча таржимаси нашр қилинди. Бир йилдан сўнг ушбу таржима олимларнинг изоҳ ва сўнг сўзлари билан бойитилган вариантида уч минг нусхада чоп этилган. Ҳозирда “Ҳамлет” нинг А.Чернов таржимаси Москва ва Санкт-Петербург театрларида саҳналаштирилган.“Ҳамлет” нинг ўтган асрда яратилган Чўлпон, М. Шайхзода ва Ж. Камол таржималари ҳақида бугун нима дейиш мумкин. Улар ҳақида олимларимизнинг айтишган фикрлари, берган баҳолари бугун ўз  аҳамиятини йўқотдими ёки йўқми. “Ҳамлет” ни ўзбек тилига қайтадан таржима қилиш зарурияти борми. Агар бўлса нимага бу хусусда таржимон ва олимларимиз жим туришибди. Бугун олий ўқув юртларимизда юзлаб талабалар инглиз тили ва адабиётидан мутахассис бўлиб чиқмоқдалар. Зеро, улар орасида Шекспир ижодига қизиқувчи шоир - таржимонлар етишиб чиқиб, “Ҳамлет”нинг янги, янада мукаммал таржималарини яратсалар, нур устига аъло нур бўларди.

Юқоридаги фикрдан келиб чиққан ҳолда биз “Ҳамлет” фожеаси даги машҳур “To be, or not to be…” монологини аслиятдаги кўриниши, русча ва ўзбекча таржима нусхалари устида изланишлар олиб бормокдамиз.

 

Фойдаланилган адабиётлар:


1.Белинский В.Г. “Гамлет”, драма Шекспира: Мочалов в роли Гамлета /  Послесл. и примеч. М. Кургинян. – М.: Гослитиздат, 1956.-120 с.

2.Аҳмад С. Эдип: Эссе, Хотира ва мақолалар. – Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988. – 135 б.

3. Қаюмов О. Вилиям Шекспир //Чет эл адабиёти тарихи. Дарслик. – Тошкент: Ўқитувчи, 1973, б. 199-235.

4.Уилъям Шекспир. // Холбеков М Чет эл адабиёти классиклари. Ўқув қўлланма. – Самарқанд: Самду нашри, 1993, б. 14-17.

5.Хаққулов И. Шекспир машъали // Таффакур, 2008, 1-сон.

6.Хаққулов И. Шекспир машъали // Вильям Шекспир. Сайланма. 1-жилд. – Тошкент, Фан, 2007, 5-37 бетлар.

7. Холбеков М. Марло ва Шекспир // Шарқ юлдузи, 2008, 1-сон,